Аввал Қорақалпоғистонда ҳоким ва вазир бўлиб ишлаган Фарҳод Эрманов Хоразм вилояти ҳокими бўлди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига биноан Хоразм вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Фарҳод Эрманов Хоразм вилояти ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур ташкилий масала 30 ноябрь куни Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқилган.

Ф.Эрманов 1958 йилда туғилган. Илгари Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Беруний тумани ҳокими лавозимларида ишлаган. Кейинги етти ойда у Хоразм вилояти ҳокими вазифаларини бажаришда синовдан ўтган. Халқ депутатлари кенгашининг партиялар гуруҳлари билан ўтказилган маслаҳатлашувларда ҳам Фарҳод Эрманов номзоди қўллаб-қувватланган.

Аввалроқ Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят прокурори, ички ишлар ва солиқ бошқармалари бошлиқлари вазифаларига ҳам янги раҳбарлар тайинланган эди.

Бўлимлар