Шуманайда янги болалар майдончаси очилди

ЎзМТДП депутатлари кўмагида ташкил этилди Мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатлари масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон бор, унинг орзу ўйлари мужассам.


Дарҳақиқат, асосли мурожаатнинг ижобий ҳал этилиши инсон ҳуқуқлари таъминланиши ва самарали ҳимоя қилинишининг муҳим омилларидан биридир. Шу боис миллий қонунчилигимизда бу масалага алоҳида ўрин берилган.

Бу жараёнда ЎзМТДП ҳудудий кенгашлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан ташкил этилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари, фуқаролар билан юзма-юз мулоқот жойларда ўз ечимини кутаётган, электорат манфаатларига, ҳудуд тараққиёти ва аҳоли фаровонлигига дахлдор кўплаб масалаларни тегишли давлат бошқаруви органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда жойларнинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда.

Шу йилнинг 10 сентябрида Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай тумани “Моншақли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида очилган янги болалар майдончаси ҳам ЎзМТДП депутатлик бирлашмалари вакиллари ташаббуси билан ташкил этилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан халқ депутатлари Шуманай туман Кенгашига сайланган депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларидан бирида “Моншақли” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисидан мурожаат бўлди. Унда ҳудудда болалар майдончаси барпо этиш бўйича амалий ёрдам сўралган эди. Партия гуруҳи аъзолари мазкур мурожаатни партия туман кенгаши ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзМТДП фракцияси билан бирга ўрганиб, тегишли ташкилот ва идораларга сўров юборди.

— Туманимизда 55 мингга яқин аҳоли истиқомат қилса, уларнинг ўттиз фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади, — дейди ЎзМТДП Шуманай туман кенгаши раиси Гулжаҳон Сапарбоева. — Туман маркази, мавжуд 12 маҳалла ва овул фуқаролар йиғини ҳудудида замон талабларига жавоб берадиган болалар майдончаси йўқлиги инобатга олинса, бу ташаббуснинг аҳамияти янада ойдинлашади. “Моншақли” маҳалла фуқаролар йиғини туман марказида жойлашган. Депутатлик сўрови юборишдан олдин ўрганишларимиз натижасида ушбу маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий болалар майдончаси барпо этилса, ундан нафақат “Моншақли”, балки туман марказидаги “Наврўз”, “Тоза бозор” ва “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлари ҳам фойдаланиши мумкинлигига маълум бўлди.

Фарзандларимиз камолотига хизмат қиладиган ушбу масала партия фаоллари ва депутатлар, туман ҳокимлиги, туман хотин-қизлар қўмитаси, давлат санитария эпидемиология назорат маркази, “Камолот” ЁИҲ ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимлари ҳамкорлигида атрофлича ўрганилди, таклиф-мулоҳазалар таҳлил қилинди. Шундан сўнг туман марказида — “Моншақли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида болалар майдончасини барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг “Фуқаролик жамияти институтларининг жисмонан соғлом, маънан етук, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” бўйича давлат гранти танловига тақдим этилди. “Соғлом бола — бизнинг келажагимиз” номли ушбу лойиҳа танловнинг ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, спортни оммалаштириш, ўсиб келаётган авлодни алкоголизм, гиёҳвандлик, аҳлоқсизлик, “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан асрашга қаратилган йўналиши бўйича ғолиб деб топилди. Болалар майдончасини қуриш учун грант танлови доирасида Давлат бюджетидан 25 миллион сўм маблағ ажратилди.

—  Туман марказидаги “Моншақли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида болалар майдончасини бунёд этиш бўйича ЎзМТДП гуруҳининг сўрови ёш авлод тарбияси, уларнинг бўш вақтларини мазмунли, маҳалла-кўй кўз ўнгида ўтказишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, — дейди туман хотин-қизлар кўмитаси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ЎзМТДПдан сайланган депутат Тамара Қаллиқиличова. — Яна бир муҳим жиҳат: ушбу масала туман ҳокимлиги ҳамда қатор ташкилотлар эътибор марказида бўлиб, ўзаро ҳамкорлик — ижтимоий шерикликда лойиҳа ишлаб чиқилди. Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грант танловида ғолиб деб топилган бу лойиҳамиз туман болаларининг қувончу шодлигига сабаб бўлди.

Дарҳақиқат, электорат манфаатларига дахлдор ушбу мурожаат ЎзМТДП Шуманай туман кенгаши, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси томонидан ўрганилиб, ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда ижобий ҳал этилгани эътиборга молик. Бу, ўз навбатида, ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган ёшларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш ишида ҳамкорлик қилиш, маданият муассасаларини ривожлантириш учун бюджетдан маблағ ажратишни кўпайтиришга кўмаклашиш сингари мақсад-вазифаларнинг амалдаги ифодаси эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
 
Муҳтарама Комилова,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар