Қорақалпоғистонда ОИВ инфекциясига чалинганларнинг 80 фоиздан кўпи касалликни жинсий алоқа орқали юқтирган

Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи Жамила Мадреимованинг маълум қилишича, Қорақалпоғистонда жорий йилнинг ўн ойи давомида орттирилган иммунитет вируси (ОИВ) касаллиги билан рўйхатга олинган 108 нафар беморнинг 87 тасига касаллик жинсий йўл билан юққан. 10 та ҳолатда парентерал, яъни шприц ва шунга ўхшаш турли воситалар орқали ўтган ва 11 та беморда касалликнинг юқиш йўли ўрганилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Айша Аминова ОИВнинг жинсий йўл билан юқиш холати ортиб бораётганлигини қуйидагича изоҳлади: “ОИВни жинсий йўл билан юқтирган беморларнинг кўпчилигини меҳнат муҳожирлари ташкил этади. Улар чет элда яшаш ва ишлаш даврида эътиборсиз ва ҳимоя воситаларисиз жинсий муносабатда бўлишган. Натижада юртимизга қайтгандан сўнг касалликни турмуш ўртоқларига юқтирганликлари сабаб ОИВ кўрсаткичи ортган. Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра,  21 834 нафар меҳнат муҳожиридан 62 тасининг ОИВ бўйича текширилган қон таҳлили ижобий бўлган. Уларнинг 52 таси эркак ва 10 нафари аёл”.

"ОИВ оқибатлари ҳақида ахборот берувчи ва огоҳлантирувчи буклетлар маҳаллий йиғинларда, ташкилотларга марказ томонидан тарқатилди. Лекин бу кутган самарани бермаяпти. Чунки фуқаролар ушбу масалага жиддий қарашмаяпти", дейди  эпидемиология бўлими бошлиғи Саловат Айтимбетов. – Меҳнат муҳожирларини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш имкони йўқ. Чунки аксарият меҳнат муҳожирлари келгандан сўнг, тез фурсатда яна қайтиб кетишади. Шу сабабли уларнинг турмуш ўртоқларини тиббий кўрикдан ўтказиш муҳимлиги ҳақида фуқаролар огоҳлантирилмоқда".

Манба: turon24.uz

Бўлимлар