Тўрткўлда эр ухлаб ётган хотинини болта билан чопиб ташлаган. Сенат раиси бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлигини айблади

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшовчи фуқаро Ниязимбетов шу йил 26 март куни ухлаётган турмуш ўртоғи Айбиби Ниязимбетовани ҳеч бир сабабсиз бошига болта билан уриб, уни қасддан ўлдирди. Бу — Қорақалпоғистонда бу йил юз берган худди шундай иккита воқеанинг бири, холос. Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев шу жиноятнинг юз берганлиги учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги айбдор эканини таъкидламоқда, деб хабар бермоқда "Daryo.uz".

Президентнинг 2018 йил 16 мартдаги қарори Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга доир биринчи галдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланганига қарамай, жойларда руҳий ҳолати бузилган шахсларни аниқлаш ва уларга ўз вақтида сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари суст олиб борилмоқда. Тегишли чоралар кўриш бўйича Сенат томонидан ҳукуматга, хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилган таклиф-тавсиялар эътиборсиз қолмоқда.

«Оқибатда руҳий ҳолатида бузилиш мавжуд бўлган шахслар томонидан мудҳиш жиноятлар содир этилмоқда. Жорий йилда республика бўйича соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турган 33 нафар руҳий касаллар томонидан қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, номусга тегиш, ўғрилик, безорилик ва бошқа жиноятлар содир этилди», — дейди Сенат раиси.

Масалан, Қорақалпоғистонда руҳий касалларни мажбурий даволаш муассасаси мавжуд эмас. Ниғматилла Йўлдошевнинг таъкидлашича эса, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги «ҳеч бўлмаганда Нукусдаги 340 ўринли руҳий касалларни ихтиёрий даволаш муассасаси таркибида бундай касалларни мажбурий даволашга ихтисослашган бўлим ташкил этиб, бу каби мудҳиш оқибатларнинг олдини олса бўлар эди».

Бўлимлар