Мўйноқлик 50 нафар ёш давлат гранти асосида олий таълим муассасаларида ўқишни бошлади

Улардан 25 нафари Ажиниёз Нукус давлат педагогика институтига ва 25 нафари Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалига қабул қилинди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидан 50 нафар ёш жорий йил 12 декабрдан бошлаб давлат гранти асосида олийгоҳларда ўқиш бошлади. Улардан 25 нафари Ажиниёз Нукус давлат педагогика институтига ва 25 нафари Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалига қабул қилинди.

 

Шу муносабат билан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида тегишли тартибда ўқишга қабул қилинган талабаларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

 

Унда мамлакатимизда ёшлар истиқболи учун олиб борилаётган ислоҳот ва ғамхўрлик ўз самарасини бераётгани таъкидланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил Қорақалпоғистонга ташрифи давомида берилган топшириқлари ижроси доирасида бир гуруҳ ёшларнинг талабаликка қабул қилинганлиги ҳам ана шу эътиборнинг намунаси эканлиги айтилди.

 

– Институтимизга 9 йўналишга қабул қилинган 25 нафар талабага ўтилган дарсларни ўзлаштириш учун қўшимча машғулотлар ташкил қилинмоқда, – дейди Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти проректориМирзамурат Жумамуратов. – Уларга талабалик гувоҳномаси, баҳолаш дафтарчалари топширилди. Мўйноқлик талабалар учун эҳтиёжига қараб, ётоқ жойлар билан таъминлаш чоралари ҳам кўрилган.

 

Келгуси йил январь ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда институтимиз профессор-ўқитувчилари томонидан мўйноқлик абитуриентларни бепул тайёрлаш ҳам йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

 

Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали қабул комиссияси котибининг берган маълумотга кўра, мазкур филиалга яна 75 нафар талаба ўқишга қабул қилинган. Улардан 25 нафари Мўйноқ туманидан давлат гранти асосида ўқишни бошлаган. Шуниндек, Қорақалпоғистоннинг шимолий туманлари – Кегейли, Тахтакўпир, ва Қораўзак туманларидандан жами 50 нафар (25 таси давлат гранти, 25 таси тўлов-шартнома асосида) абитуриент талаба сифатида ўқиш бошлаган. 

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА

Бўлимлар