Нукусдаги "I love Nukus" можароси юзасидан Нукус шаҳар ИИБ расмий маълумот берди

Нукусдаги музей мажмуи яқинидаги майдон Қорақалпоғистон аҳолиси ва меҳмонларининг севимли жойларидан биридир.

У ерда кўп сонли туристлар ва ёш келин-куёвлар эсдалик учун суратга тушишни яхши кўришади. Бу ерда севгини изҳор этувчи юрак шаклидаги тасвир ҳамда катта-катта ҳарфлар пайдо бўлганидан сўнг, ана шундай истакдаги инсонлар сони янада кўпайди.

Нукуслик йигирма ёшли И. бу борада ўзини умуман бошқа томондан кўрсатишга қарор қилди. У оёқ зарбаси билан юракни “жароҳатлади” ва ўз “қаҳрамонлиги“ни телефонга муҳрлади. Видеотасвирни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган йигит “лайклар” ёмғири остида қолиб кетишни орзу қилганди, бироқ бунинг акси бўлиб чиқди. У ўз манзилига мақтовлар ўрнига норозиликлар ва нафратга тўлган сўзларни қабул қилиб олди.

Боз устига, ушбу сельфига ҳуқуқ-тартибот органлари қизиқиб қолди. Улар бир кун ичида безорини қўлга олишди.

Нукус шаҳар ИИБдан хабар беришларича, бола ўз қилмишидан афсусда. У бу ҳаракатини ижтимоий тармоқларда қандай муносабат билдиришларини текшириш учун қилган, бундай қилиш қонунга зид эканлиги ҳақида ўйламаган.

Безорига сўнгги ҳукмни суд чиқаради, лекин унда ўз қилмишлари ҳақида ўйлаб кўриш ва ҳаётга муносабатини ўзгартириши учун ҳали вақт бор.

Манба: "Халқ сўзи Online"

Бўлимлар