Орол денгизининг қуриган тубида «Яшил қопламалар» ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишлари бошланди

Қорақалпоғистон Республикасида Орол денгизи тубидаги суви қуриган майдонларда «Яшил қопламалар» ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишларига киришилди.

Ўтган йиллар давомида Оролнинг қуриб қолган ҳудудида  саксовул ва бошқа шўрҳокликка чидамли ўсимликлардан иборат  490 минг гектарга яқин бутазорлар барпо этилди. 

Ушбу ишларнинг тизимли давоми сифатида Орол денгизи тубидаги суви қуриган майдонларда шамол таъсирида юзага келадиган кучли қум, туз ва чанг бўронлари таъсирини камайтириш, қум кўчишини бартараф этиш, минтақада экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида 2019-2021 йилларда жами 500 минг гектар, шундан  2019 йилда 100 минг, 2020 йилда 160 минг, 2021 йилда 240 минг гектар «Яшил қопламалар» ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш белгиланган.

Ҳозирда ушбу тадбирга саксовул ўсимлигини экиш учун 200 тага яқин ҳар хил турдаги техника, транспорт  ва механизмлар, шунингдек, 2000 нафарга яқин ўрмон хўжалиги ва бошқа ихтисослашган ходимлар жалб этилмоқда.

Улар 2 та йўналиш бўйича, жумладан  Қораўзак туманидан «Ақпеткей» ҳамда Мўйноқ туманидан «Сургул-Ахантай»  Оролнинг қуриб қолган ҳудудларида экиш ишларига киришилмоқда.

Маълумот ўрнида, мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғисон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ахборот хизмати

 

 

Бўлимлар