Қораўзакда цемент ишлаб чиқариш бўйича янги қўшма корхона ишга туширилди

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи у ерда яшовчи халққа кўтаринки кайфият бахш этиши баробарида ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорларни янгидан-янги ғоя ва ташаббускорликка ундагани айни ҳақиқатдир.

Ташриф доирасида иқтисодиётнинг бошқа соҳалари қатори саноатнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғидаги лойиҳаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбиркорларни мавжуд имкониятлар билан таништириш, уларга зарурий кўмак бериш “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг асосий мақсади бўлиб, бугунги кунда ҳудудларда амалга оширилаётган янги қувватлар аҳоли эҳтиёжини қондиришга хизмат қилмоқда.

 

Таъкидлаш керакки, Оролбўйида мамлакатимиз бошқа ҳудудларида учрамайдиган қатор қурилиш материалларига бой хом ашё захиралари мавжуд. Дала шпати хом ашёси ва валластонит, тальк ва тальк тоши, вермикулит рудаси, родонит, лиственит каби хом ашё захиралари шулар жумласидандир.

Бу ерда цемент хом ашёси, табиий пардозбоп ва қурилиш тошлари, гипс ва ангидрит, оҳактош, керамзит хомашёси, силикат буюмлар ишлаб чиқариш ва қурилиш ишлари учун қум, қум-шағал материаллари, ғишт-черепица хом ашёси захираларига бой конларнинг мавжудлиги соҳанинг истиқболини белгилайди.

 

Ҳудуддаги бундай имкониятлар эса маҳаллий ва хорижлик инвесторлар имкониятлар қизиқишини орттириб, бу ерда янги корхоналар фаолиятига асос солинмоқда. Айниқса, асосий қурилиш материали – цемент ишлаб чиқариш корхоналарининг Қорақалпоғистонда кетма-кет фойдаланишга топширилаётганини катта қувонч билан эътироф этиш лозим. 

 

Жумладан, ўтган йилда Қораўзак туманида “Қорақалпоқ цемент” корхонасида биринчи босқичда йилига 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, мазкур туманнинг “Қўйбоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини “Жамансай” участкасида “Титан цемент” масъулияти чекланган жамияти Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси томонидан йилига 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш корхонаси жорий йилнинг 19 декабрь куни ишга туширилди.

 

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, маҳаллий ҳокимлик, хорижий инвестор ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

 

Унда сўз олганлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳалар қаторида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатининг ривожланишига ҳамда бу жараёнда маҳаллийлаштириш жараёнини жадаллаштиришда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

 

Шу ўринда айтиш жоизки, масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси томонидан ишга туширилган, мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 302 миллиард 400 миллион сўмни (жами 37,8 миллион доллар) (шундан 19,2 миллион доллар эквивалентида корхонанинг ўз маблағи, 16,8 миллион доллар банк кредити ва 1,8 миллион доллар хорижий инвестиция)ни ташкил этади. 

 

– Юрт равнақи ва халқимиз фаровон ҳаётини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшиш асосий мақсадимиздир, – деди “Титан цемент” қўшма корхонаси бошқаруви раиси Бахтиёр Панаев. – Юз фоиз маҳаллий хом ашёдан фойдаланган ҳолда юқори маркали цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйиладиган корхонамизда 224 нафар фуқаро муқим иш билан таъминланади. Президентимизнинг ташрифи бизга янада ғайрат-шижоат бағишлаб, орзу истакларимизга қанот бўлди. Цемент ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилгани бунга ёрқин мисолдир. Кейинги режамиз эса Мўйноқ туманидаги табиий кўлларда ўсадиган қамишдан фойдаланган ҳолда юз фоиз маҳаллий хом ашё асосида яна бир қурилиш материали бўлган ДСП ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида йилига 50 минг квадрат метр ДСП ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ҳамда 200 нафар маҳаллий аҳоли иш ўрнига эга бўлади.

 

Муҳими, цемент ишлаб чиқариш учун узоқ йилларга етадиган цемент хом ашё захиралари мавжуд бўлган Беруний туманидаги “Шимолий Жамансай (1990) ҳамда “Жамансай (1990, 1995) конларидан саноат усулида фойдаланишга лицензия олинганлиги лойиҳанинг самарали истиқболига кенг йўл очади. 

 

Янги корхонага Хитойдан замонавий ускуналар олиб келиниб ўрнатилганлиги, темир йўл, табиий газ, электр энергияси ва сув тармоғи каби ўта зарур ташқи коммуникация тармоқларига уланганлиги ишлаб чиқаришнинг узлуксизлигини таъминлаш билан бирга, ишчи-хизматчилар учун ҳам қулай иш шароитини яратишга хизмат қилади.

 

Албатта, замонавий ва сифатли, ҳудуд учун янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши, ҳудуднинг иқтисодий қудратини ошириш баробарида, кўпгина ижтимоий масалаларнинг самарали ҳал этилишига ҳисса бўлиб қўшилади. Ишлаб чиқариш корхонаси жойлашган ҳудуднинг экспорт салоҳияти, туман маҳаллий бюджети, энг асосийси, янги иш ўринлари яратилиши натижасида аҳоли даромадлари ва фаровонлиги ошади.

 

Айниқса, асосий қурилиш материали бўлган цемент ишлаб чиқариш корхонасининг фойдаланишга топширилиши нафақат туман, балки қўшни туманлар ҳамда вилоятларда жадаллик билан олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишларини, шу билан бирга, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” ва бошқа ижтимоий дастурларнинг самарали амалга оширилишига хизмат қилиши шубҳасиздир. 

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА

Бўлимлар