Ўзбекистон делегацияси Пан Ги Мун билан Орол фожиаси муаммосини муҳокама қилди

Президент топшириғига биноан 2018 йилнинг 21-22 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов бошчилигидаги делегация БМТ собиқ бош котиби Пан Ги Мун раҳбарлик қилаётган Яшил тараққиёт глобал институти ва Мослашув бўйича глобал комиссия билан ҳамкорлик ўрнатиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Корея Республикасига ташриф буюрди. Бу ҳақда "Kun.uz" ТИВ хабарига таяниб ёзмоқда.

Унга кўра, Пан Ги Мун билан Сеул шаҳрида ўтказилган учрашувда Оролбўйи минтақасидаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазият тўғрисида фикр алмашилди. БМТ собиқ бош котиби Орол инқирозининг салбий оқибатларига қарши курашиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади ва президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ҳамжамиятнинг мазкур муаммога диққатини янада кўпроқ жалб қилиш ва уни ечиш учун донорлик ёрдамларини сафарбар қилишга қаратилган халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

«Президент Шавкат Мирзиёев билан яқинда Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда кенг қамровли масалаларни, жумладан Орол фожиаси оқибатларига қарши курашиш учун халқаро донорлик ҳамжамиятларининг куч ва ресурсларини жалб қилишни муҳокама қилган эдик. Мен Ўзбекистон раҳбарининг заковатига, етакчилик сифатларига ва унинг мазкур глобал муаммони ҳал этиш учун кўрсатаётган жонкуярлигига лол қолдим. Биз Ўзбекистоннинг Яшил тараққиёт глобал институти ва Мослашув бўйича глобал комиссия билан ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирганини қўллаб қувватлаймиз», - деб қайд этди Пан Ги Мун.

У ўтган ойнинг сўнгида Оролбўйи масалалари бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатга ташриф буюрган ва президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган эди.

Мамлакат делегацияси Яшил тараққиёт глобал институти (GGGI) штаб-квартирасига ҳам ташриф буюриб, мазкур ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари билан танишди. Ўзбекистоннинг Кореядаги Элчихонаси кўмагида ташкил этилган тақдимот чоғида GGGI мутахассислари Оролбўйидаги ҳолат билан муфассал таништирилди.

Тадбирда аниқ лойиҳалар асосида, жумладан халқаро донорлик тузилмаларининг молиявий-техник кўмагини жалб қилиш орқали Орол фожиаси ҳудудидаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Оролбўйи ҳудудини тиклаш бўйича лойиҳаларнинг тақдимоти якунида мавжуд вазиятни жойнинг ўзида ўрганиш ва тақдим қилинган лойиҳаларни амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ қилиш учун GGGI мутахассисларининг мамлакатга ташрифини ташкиллаштириш тўғрисида келишувга эришилган.

Бўлимлар