Қанликўлдаги овулда қорамоллар ҳаром ўлмоқда. Касаллик сабаби ҳали номаълум

Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл туманидаги «Жана қала» ОФЙда қорамоллар нобуд бўлмоқда. Ёзда бошланган бу касалликни тўхтатишнинг имкони бўлмаяпти. Шу пайтгача овулдаги 50 дан ошиқ моллар ҳаром ўлган, деб ёзмоқда «Kar24.uz».

«Ёзда қорамолларнинг ўлиши бошланиб, бирдан тўхтаган эди, икки ойдан буён бу ҳолат яна қайталанди. Аҳоли ташвишга тушмоқда. «Қорасон», «мол шамоллаши» бўлса керак деб ўйлаб янгилишган эканмиз», дейди «Жана қала» ОФЙ котиби Ерполат Мусинов.

Нашр мухбири ушбу ҳолат бўйича Қанликўл тумани ветеринария бўлими бошлиғи Дауран Худайбергенов билан боғланган.

«Аввал бундай касаллик кузатилмаганди. Туманга Мўйноқдан сотиш учун кўп қорамол олиб келинади. Менимча, бу касаллик сотиш учун олиб келинаётган моллардан юқяпти. Айни пайтда қорамолларда «пастрелиоз» касаллиги белгилари кузатилмоқда. Бунда қорамолларнинг қони камайиб кетади ва бу ўлимга сабабчи бўлади», деган туман ветеренария бўлими бошлиғи.

Ҳозир туман ветеринария бўлими махсус вакцина учун буюртма берган. Мутахассислар бу вакцина қорамоллар ўлимининг олдини олади, деб ишонишмоқда.

Бўлимлар