Қорақалпоғистонда бўлажак Ватан ҳимоячилари дадаларининг иш жойлари билан танишишди

Хабарингиз бор, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида “Ватанпарварлик ойлиги" кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда.

7 январ куни Қорақалпоғистон Республикасидаги Шимолий-ғарбий ҳарбий округи Маънавият ва маърифат марказида ҳам учрашув бўлиб ўтди. Унда ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари қатнашишди.

Учрашувдан сўнг ҳарбий хизматчилар ўзлари хизмат қилиб келаётган Тахиатош туманида жойлашган ҳарбий қисмга фарзандларини олиб бориб, иш жойлари билан таништирдилар.

Болалар энг кучли ва қўрқмас оталарининг хатти-ҳаракатларига тақлид қилиб, шахдам қадамлар билан ҳарбий қисмни айланиб чиқишди.

Улар бу жойда Ватанга хизмат қилиш қанчалар шараф эканлигини яна бир бор ҳис қилишди.

- Дадам ҳар куни ишга эрта кетиб, кеч қайтади. Иш жойи қандайлиги, нима учун у ерга ҳар доим шошишини, тўғриси, тушунмасдим. Ҳарбий қисмга келиб, дадам бизнинг, барча оиланинг тинчлигини қўриқлаш учун тиним билмай хизматда эканлигини англаб етдим. Мен ҳам катта бўлсам, ҳарбий бўлиб, Ватанимни қўриқлайман", - дейди ҳарбий қисмга отаси билан келган 6-синф ўқувчиси Айдос Жолдасов.

Маълумот учун, ушбу тадбирда 75 нафар ҳарбий хизматчиларнинг оила аʼзолари иштирок этишди.

Бўлимлар