Қорақалпоғистондаги ҳарбий қисмларда “Очиқ эшиклар куни" ўтказилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” шиори остида Нукус туманида жойлашган 71181 ҳарбий қисмда «Очиқ эшиклар куни», «Китоблар ярмаркаси» ҳамда «Бўш иш ўринлари ярмаркаси» тадбирлари ўтказилди. 

Ушбу тадбирларга Нукус туманидаги умумтаълим ўқувчи ёшлари ва уюшмаган ёшлар кенг жалб этилди. Ёшларга истиқлол йилларида мамлакатимизда қўлга киритилган ютуқ ва марраларнинг асоси, энг катта бойлигимиз – юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик, миллатлараро тотувлик эканлиги, бу бойликни асраб-авайлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни борлигини, шу билан бирга Ватан ҳимояси фақат ҳарбийларнинг эмас — ўз ишини фидойилик билан бажариб, мамлакатимиз равнақига фаол ҳисса қўшиш, доимо хушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш  ҳар бир фуқаронинг Ватан, элу-юрт олдидаги бурчи эканлиги уқтирилди. 


Байрам тадбирлари доирасида ҳарбийларнинг ҳаёти, фаолияти ёшларга тарғиб қилинди. 

Иштирокчилар ҳарбий техника ва аслаҳалар ҳақидаги саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилдилар ва кўп маълумотларга эга бўлдилар. Ҳатто уларни ушлаб кўриш, бошқариш бахтига ҳам муяссар бўлдилар. Ҳарбий қисмда “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида китоб ярмаркаси ўтказилмоқда. Тадбирда ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар тайёргарлик машғулотлар и ўқувчи ёшларга намойиш этилди. 


Тадбир сўнгида ҳарбий қисм оркестри томонидан тайёрланган Она ватан ҳақида қўшиқлар ва миллий рақсларимиздан «Хоразм лазгиси»  янграганда ҳарбий хизматчилар  ва ўқувчи ёшлар жўшиб рақсга тушиб кетдилар.

Бўлимлар