Берунийлик фермер "Орол"нинг қуриган тубига саксовул экаётган заҳматклашлар учун бепул 3 тонна гўшт етказиб беришни ваъда қилди

Барчангизга маълум, жорий йилнинг 4 январь куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси “Орол ва Мўйноқ тақдири: денгиз чекиняпти, лекин инсон чекинмайди” мавзусида илк бор Нукус шаҳридан деярли 400 километр олисда – Оролнинг қуриган ҳудудида ўтказилди. 

 

 Тадбир давомида “Мўйноқ—2019” хайрия жамғармаси ташкил этилгани маълум қилиниб, қисқа вақт ичида жамғарма ҳисобига 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ келиб тушганлиги айтилди. Бундан ташқари, халқимизнинг моддий ва маънавий томондан ҳам далда бўлишга ҳаракат қилаётгани алоҳида таъкидланди. 

 

 Демак, Орол фожиасига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон мазкур жамғармага хайрия маблағларини ўтказиши орқали бу эзгу ишларга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

 

 Берунийлик фермер, тумандаги “Шукурулла Бабажанов” фермер хўжалиги раҳбари Зокиржон Бабаджанов ҳам пресс-клуб аъзолари билан телефон орқали мулоқотда бўлиб, Орол денгизининг қуриган ҳудудида чўлга чидамли ўсимликларни кўпайтириш, атрофни ўрмонзорликга айлантириш борасида фидойилик кўрсатиб ишлаётган юртдошларимиз учун 3 тонна гўшт етказиб беришни ваъда қилди.

 

— Мен Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистонга, шунингдек, кўп йиллар давомида эътибордан анча четда қолиб кетган Мўйноқ тумани аҳолисига кўрсатаётган ғамхўрлигидан бошим кўкка етмоқда. Барча юртдошларимиз сингари юртимизда амалга оширилаётган савобли ишлардан ўзимга мадад оляпман. Қолаверса, Орол фожиаси фақат Қорақалпоғистон ёхуд Ўзбекистоннинг эмас, балки бутун инсониятнинг фожиаси. Бу фожиани бартараф этиш учун бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, денгиз эмас, аксинча табиий офатлар чекинади. Мен шундай совуқ об-ҳаво шароитида Орол денгизининг тубини кўкаламзорлаштириш, у ерда ўрмонзорликлар барпо этиш учун жавлон уриб ишлаётган минглаб фидойи юртдошларимиз олдида таъзимдаман. Уларга мадад бўлиш учун бор имкониятимни  ишга соламан ва буни инсоний бурчим, деб биламан,— дейди З. Бабаджанов.

 

Албатта, З.Бабаджанов ўзининг бу ташаббуси билан Мўйноқ туманида Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган бардавом ишларга ўз ҳиссасини қўшиши билан бирга ҳар бир ватандошимизни республикамизда экологик вазиятни юмшатиш борасида олиб борилаётган хайрли ишларнинг бевосита иштирокчиси бўлишга чақириб қолса ажабмас.   

 

Бўлимлар