Оролнинг қуриган тубидан гапирамиз: 43 минг гектардан ортиқ ерга саксовул экилди

“Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган асли шу — Мўйноқ аҳолиси. Уларнинг сабр-қаноати, ватанпарварлиги, меҳнаткашлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак” деган эди Муҳтарам Президентимиз ўтган йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида.

Шунингдек, мамлакатимиз раҳбари 28 декабрь кунги Олий Мажлисга Мурожаатномасида Оролбуйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий томондан ривожлантириш, денгизнинг қуриган ҳудудида 2019 йилнинг ўзида 500 минг гектар ерни ўрмонзорликга айлантириш буйича кечиктириб бўлмайдиган аниқ вазифаларни белгилаб берган эди.

Оролбуйи ҳудудида юзага келган экологик вазиятни юмшатиш борасидаги эзгу ишлар, яъни денгизнинг сувсиз қолган ҳудудида чўлга чидамли ўсимликларни экиш жараёни декабрь ойидан-оқ бошланиб кетди.

 Ҳозирда бу ерда Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларидан, вилоятлардан келган Ўрмон хўжаликлари, Ободонлаштириш бошқармасининг ходимлари, механизаторлар, ишчилар, маҳаллий аҳоли иштирокида саксовул уруғини йиғиш ва экиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бу ерда ўтказилаётган тадбирларга республикамиз ва вилоятлардан жами 1 минг 500 дан ортиқ киши ҳамда 400 дан ортиқ техникалар жалб қилинган.

Бугунги кунда саксовул экиш учун жами 170 минг гектардан ортиқ ер майдони тайёрланиб, жами 43 минг гектардан ортиқ ерга саксовул уруғи экилган.

Шу кунгача жами 667500 килограмм саксовул уруғи тайёрланган. Ишчиларнинг меҳнат ҳақлари ўз вақтида тўланиб, уларга жами 975 миллион сўм иш ҳақи берилган.

Бу ерда амалга оширилаётган хайрли ишларга ўз ҳиссаларини қўшиш учун республикамизнинг туманларидан қўшимча техника ва механизаторларнинг Муйноқ туманига етиб келиши давом этмоқда.

Бўлимлар