Тошкентдан бир гуруҳ прокурорлар Мўйноққа нима учун келишди?


Шу йилнинг 13 январь куни Тошкент шаҳри ва шаҳар туманлари прокурорлари бир гуруҳ тадбиркорлар билан туманга ташриф буюрди. Бу ҳақда Мўйноқ тумани янгиликларини бериб борувчи "New Muynak City" телеграм канали маълум қилмоқда.

Ташриф давомида улар Мўйноқ туманида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, Орол денгизининг қуриган тубида “ёшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларининг барпо этилиши жараёни билан танишди ва Мўйноқ тумани экология ва кемалар музейларига борди. 

Шунингдек, туманнинг 85 нафар кам таъминланган оилалари болаларига совғалар, 10 нафар фуқароларга Тошкент шаҳрининг тиббиёт муассасаларида даволаниш учун бепул йўлланмалар берилди. 

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармасида ҳудуднинг инвестицион салоҳияти ҳақида презентация намоиш этилди ва тадбиркорлар билан туманда амалга ошириши мумкин бўлган бизнес лойиҳалар юзасидан музокаралар ўтказилди. 

Натижада Тошкент шаҳрининг “Байпак текстил” ХҚ томонидан супермаркет қуриш, “Универсалбанк” АТБ томонидан туман ёшлари учун замонавий буккафе ташкил қилиниши келишиб олинди. Бундан ташқари, “Tanho Holding” МЧЖ томонидан туманда мавжуд қазилма бойликларини (бентонит, глауконит) қайта ишлаш, “TCG BEIJING HOUSE” ҚҚ МЧЖ томонидан нефтни қайта ишлаш заводини қуриш, “GREEN APРLE WORKING” МЧЖ томонидан савдо марказини ташкил қилиш ишлари режалаштирилмоқда.

Бўлимлар