Берунийдаги Ёшлар марказида 4 та янги тўгарак очилади

Республика Ёшлар маркази Қорақалпоғистон бўлинмаси директори Полат Махсетбаев Беруний туманида ёшлар марказида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Беруний тумани Кенгашининг барча бошланғич ташкилотлари етакчилари билан мажлис ўтказди.

Мажлис кун тартибида туман ёшларини, жумладан вақтинча ишсиз, имконияти чекланган ва профилактика ҳисобида турган ёшларни туман ёшлар марказидаги тўгаракларга жалб этиш орқали уларга билим ва ҳунар ўргатиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайттириш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида қилиниши зарур вазифалар ҳам эътироф этилди.

-Бугун мажлисда ёшларга билим ва ҳунар ўргатиш орқали уларни жиноятчиликдан асраш ва имконияти чекланган ёшларни уйларига кириб бориб, қизиқишларини ўрганиш орқали уларни ҳам ёшлар марказларига жалб қилиш масаласи ҳамда ёшлар марказига янги тўгаракларни ташкил қилиш масаласи кўтарилди", - дейди Беруний туманидаги Ёшлар маркази координатори Наргиза Бектурова.

Полат Махсетбаевнинг бизга берган маълумотларига қарганда, шу кунгача марказда фақат учта тўгарак, инглиз тили, тикувчилик ва тасвирий санъат тўгараклари фаолият олиб бораётган эди. 

 Туман ёшларининг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб у ерда яна 4 та янги тўгараклар: 
шахмат-шашка тўгараги;
сартарошлик тўгараги;
пазандачилик тўгараги ва рус тили тўгараклари очиладиган бўлди. 

Беруний тумани ёшларини ушбу тўгаракларга чорлаб қоламиз!

Клара Худайбергенова

Бўлимлар