Солиқ органлари – солиқ тўловчининг энг яқин кўмакдошидир

 

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси бугун кун сайин ҳар бир жабҳада ўз тасдиғини топаётир. Айниқса, солиқ тўловчилар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай, асосийси соддалаштирилган, солиқ юки пасайтирилган тизимни жорий этиш энг долзарб вазифалардан бири бўлиб келди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 508-сонли Қонуни ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4086-сонли қарори соҳа ривожида муҳим дастуриламаллар бўлиб хизмат қилаётир.

Мазкур ҳужжатлар билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган энг муҳим вазифаларнинг ҳуқуқий асослари бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

Уларнинг асосий жиҳатлари солиқларни соддалаштириш, солиқ ва тўловларни сонини қисқартириш, солиқ ставкаларини пасайтириш, солиқ юкини тенг тақсимлаш, бизнесни хуфёна иқтисодиётдан очиқ ишлашга чиқариш, инвестицион жозибадорликни оширишдан иборатдир.

Жумладан, ушбу қонун ҳужжатлари билан Қонун ҳужжатларини тўғридан-тўғри амал қилиш принципини таъминлаш мақсадида, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, қўшилган қиймат солиғи, юридик шахсларнинг мол мулк солиғи ва ягона ижтимоий тўлов ставкалари Солиқ кодексининг ўзида белгилаб қўйилди.

Шунингдек, иш берувчилар томонидан ходимларига иш ҳақи беришнинг конверт усулига чек қўйиш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлаш фонди билан боғлиқ солиқ юки кескин камайтирилиб, фуқароларнинг Пенсия жамғармасига 8 фоиз миқдоридаги суғурта бадали тўлови бекор қилинди. Ягона ижтимоий тўловининг амалдаги 15 ва 25 фоизлик ставкалари 12 фоизгача пасайтирилади (бюджет ташкилотлар, давлат ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан ва ундан кўп бўлган корхоналар бундан мустасно) ҳамда ходимларнинг даромадлари ошиб бориши билан солиқ ставкалари хам ошишини кўзда тутувчи мантиқсиз ҳамда солиқнинг рағбатлантириш принципига қарама қарши бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 4 поғонали 0, 7,5, 16,5 ва 22,5 фоизлик прогрессив шкаласи бекор қилинди ҳамда унинг ўрнига ягона 12 фоизли ставка белгиланди.

Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 180-моддасида назарда тутилган, яъни Ўзбекистон Республикаси мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари, ички ишлар органлари ҳамда божхона органларининг оддий хизматчилари ва бошлиқлари таркибига кирувчи шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар, иқтисодий, маъмурий ва ҳарбий судлар судьялари, шунингдек прокуратура органларининг мансаб даражаларига эга бўлган ходимларига солиқ озод қилиниши тарзда берилган имтиёзлар бекор қилиниб бу тоифадаги жисмоний шахслар ҳам 2019 йилдан бошлаб жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаши белгиланди.

Эътиборлиси, солиқ ҳисоботлари соддалаштирилиб, “солиқ тўловчи фақат ўз вақтида солиғини тўлаш керак” принципидан келиб чиқиб, ҳисоботларга иловалар фойда солиғида 7 та (9 та қолди)га, ягона солиқда 6 та (7 та қолди)га ҚҚСда 4 та (5 та қолди)га ва мол-мулк солиғидан 2 та (6 та қолди)га камайтирилди.

Шу билан бирга, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача, Ўзбекистон Республикаси резидентларига тўланадиган дивидендлар ва фоизлар тарзда тўланадиган даромадларга солиқ ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилди.

Маҳсулот (иш ва хизматлар)нинг таннархи ўсишига бевосита таъсир кўрсатиб келган давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг айланмасидан 3,2 фоиз миқдорида ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинади.

Ўзбекистон Республикаси норезидентлар учун эса дивидендлар ва фоизларга солиқ ставкаси 10 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

Цемент (клинкер), полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарувчи корхоналар учун юқори фойда солиғи ҳамда асосий фаолият тури мобиль алоқа хизматлари кўрсатадиган юридик шахсларга рентабиллик даражасига қараб 14 фоиздан 50 фоизга ставкада олинадиган солиқ бекор қилиниб, ягона 20 фоизлик ставкада фойда солиғи жорий қилинди.

Ягона солиқ тўловининг базовой ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга туширилди.

Шунингдек, солиқ солиш объектига эга бўлган барча ягона солиқ тўловчилар учун мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаши тартиби жорий қилинди.

Солиқ ставкаларнинг бундай тарзда пасайтирилиши орқали ҳалол солиқ тўловчилар зиммасига тушаётган солиқ юкининг камайтирилиши, албатта, бюджет ва мақсадли жамғармаларга белгиланган прогноз кўрсаткичларининг ижросига салбий таъсир кўрсатади.

Бу салбий таъсирнинг олдини олишнинг ягона йўлларидан бири солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўлиб, қабул қилинган юқоридаги қонун ҳужжатларида ушбу масалалар ҳам алоҳида назарда тутилган.

Жумладан, соддалаштирилган ягона солиқ тўлови режимида солиқларни тўлашни танлаш ҳуқуқига эга бўлишнинг амалдаги мезонларига ўзгартиришлар киритилиб, 2019 йил 1 январдан бошлаб, солиқ давридаги товар айланмаси (ялпи тушум) 1 миллиард сўмдан ошмаган солиқ тўловчилар ягона солиқ тўлови режимида солиқларни тўлашни танлаш ҳуқуқига эга бўлиши белгилаб қўйилди.

Солиқ давридаги ялпи тушуми бир миллиард сўмдан ошадиган юридик шахслар эса бюджет ва бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармаларига Солиқ кодексининг 23-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган умумбелгиланган тартибдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашлари белгилаб қўйилди.

Солиқ даври давомида ялпи тушуми уч миллиард сўмдан ошмайдиган юридик шахслар, шу жумладан ягона солиқ тўлови тўловчилари ҳисобланган юридик шахслар қўшилган қиймат солиғини тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқига эга бўладилар (СКнинг 401 – боби).

Бунда, қурилиш ташкилотлари 8 фоизлик ставкада, чакана, улгуржи, шунингдек, улгуржи-чакана савдо корхоналари 6 фоизлик ставкада, умумий овқатланиш ва меҳмонхона хўжалиги корхоналари 10 фоизлик ставкада, касбий хизматлар кўрсатадиган юридик шахслар 15 фоизлик ставкада, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қиладиган юридик шахслар, ўзининг ишлаб чиқариш маҳсулотлари бундан мустасно 4 фоизлик ставкада ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларидаги бошқа юридик шахслар 7 фоизлик фарқланган ставкада қўшилган қиймат солиғини тўлаши мумкин бўлади.

Шу билан бирга, 2019 йилнинг 1 январидан кейин сотиб олинган асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисобга олиниши белгиланди.

Шунингдек, чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар рўйхатига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Аввал, солиқ солинадиган фойдани аниқлаш пайтида чегириб ташланадиган харажатлари рўйхати ёпиқ (СК 142-146- моддалари), чегирилмайдиган харажатлар рўйхати очиқ (СКнинг 147- моддаси) бўлган бўлса, солиқ солинадиган базани аниқлашни соддалаштириш, солиқни ҳисоблашда хатоликларни олдини олиш ва текширишларда мунозарали ҳолатларга барҳам бериш мақсадида 2019 йилдан чегирилмайдиган харажатлар рўйхати ёпиқ, чегириб ташланадиган харажатлари рўйхати очиқ бўлиши белгилаб қўйилди.

Маҳсулот, ишлар ва хизматлар таннархини пасайтириш мақсадида асосий воситаларнинг алоҳида тоифалари бўйича солиқ солиш мақсадида амортизация ставкалари ўзгартирилди.

Бунда, амортизация ажратмалари бинолар ва иморатлар учун -5 фоиздан 3 фоизга, темир йўлнинг ҳаракатдаги таркиби, денгиз, дарё кемалари, балиқчилик саноати кемалари, ҳаво транспорти учун - 8 фоиздан 4 фоизга пасайтирилди.

Қайд этилганлардан ташқари, 2019 йилдан бошлаб солиқ назоратининг янги шакллари жорий қилинмоқда.

Бунда, давлат солиқ хизмати органларида мавжуд бўлган солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари заруратга қараб, лекин йилига кўпи билан бир марта солиқ тўловчида кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш (СКнинг 68-моддаси);

“Хронометраж кўздан кечириш” шаклидаги солиқ нозорати тадбирларида солиқ хизмати ходимлари томонидан нафақат нақд пул тушумлари ҳажмларини, балки ишлаб чиқариш ҳажмларини ва товар (иш, хизматлар) реализация қилиш ҳажмлари ҳам мониторинг қилинади (СКнинг 71-моддаси).

Хронометраж кўздан кечириш бевосита товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш жойида ҳамда солиқ тўловчи даромадлар олиш учун фойдаланаётган ёхуд солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ бошқа жойларда ўтказилади. Бунда хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш муддати етти календарь кундан ортиқ бўлмаслиги керак.

Камерал назорат натижалари бўйича жойига чиққан ҳолда солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун мавзули экспресс-ўрганиш ўтказиш тартиби жорий қилинмоқда. (СКнинг 712-модда).

Давлат солиқ хизмати органларида мавжуд солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотларни аниқлаштириш мақсадида кўздан кечириш ва сўров ўтказиш шаклидаги назорат механизми ҳам жорий этилди.

Солиқ кодексида белгиланган солиқ текшируви турларига ҳам ўзгартишлар киритилиб режали ва режадан ташқари текширишлар тушунчаси чиқариб ташланди, эндиликда ваколатли орган билан келишувга кўра ўтказиладиган текширувлар, ваколатли органни хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган текширувлар турлари белгиланди. (СКнинг 86, 88 ва 89-моддалари).

Мухтасар айтганда, солиқ органлари ходимлари солиқ тўловчилар ва тадбиркорлик субъектларини текширувчи орган эмас, балки уларга кўмакчи бўлишни ўз олдига мақсад қилмоқда. Зеро, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ҳаётий тамойил асосида иш юритиш энг долзарб вазифалардан биридир.  

 

Давронбек БАБАЖАНОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси бошлиғи.

Бўлимлар