Тахиатош тумани Давлат хизматлари маркази томонидан ўтган йили соҳада қандай камчиликлар кузатилди?

Тахиатош тумани Давлат хизматлари марказида давра суҳбати ташкил қилинди. Унда тумандаги барча тегишли корхона ва ташкилотларнинг маъсул ходимлари иштирок этди.

 
Тадбирда Давлат хизматлари маркази директори Ж.Сабиров томонидан марказнинг асосий вазифаларидан бири давлат хизматини кўрсатиш соҳасидаги Регламент ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланган муддатларда мурожаатларни бажарилиши бўйича ваколатли давлат органларнинг фаолиятини доимий назорат қилиб бориш, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича Давлат хизматлари агентлигини бу ҳақда хабардор қилиш ҳисобланишини, сабаби бу ҳолат Давлат хизматлари марказлари нафақат тадбиркорлик субъектларининг, балки барча фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият юритаётганлиги билан изоҳланишини таъкидлаб ўтди.

Тахиатош тумани Давлат хизматлари маркази томонидан ўтган 2018 йил давомида 15 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.

Юридик ва жисмоний шахсларга давлат хизматини кўрсатишда ўтган 2018 йилда 564 та ҳолатда ваколатли органларнинг маъсул ходимлари томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилган. 

Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Бошқармаси томонидан 2018 йилда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганликлари учун  тумандаги 12 нафар ваколатли органларнинг хизматчилари маъмурий жаримага тортилган. 

Тадбир давомида ушбу ҳолат тумандаги идоралар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп кўрсаткич кадастр хизмати (5 маротаба), иккинчи кўрсаткич эса  туман Мактабгача таълим бўлими ходимлари (4 маротаба) тўғри келиши кузатилди. 

Тадбир давомида давлат хизматларини кўрсатиш тартиблари, ҳуқуқбузарликларга йўл қўйишнинг оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Тахиатош тумани Давлат хизматлари марказининг бўлими бошлиғи, 3-даражали юрист А.Оразимбетов

Бўлимлар