Хоразмлик фаоллар “Оролга мадад” хайрия ҳашари ташкил қилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Ўзбекистон экологик ҳаракати ва Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари томонидан Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар барпо этишга ҳисса қўшиш, шунингдек, долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида “Оролга мадад” шиори остида хайрия ҳашари ўтказилди. Бу ҳақда "Халқ сўзи Онлине" хабар бермоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, қуриган денгиз тубидан ҳар йили 100 миллион тоннадан ортиқ қум ҳамда туз зарралари минтақага ва ер куррасининг бошқа ҳудудларига тарқалмоқда. Бу заҳарли тузлар ҳатто Антарктида соҳилларига, Гренландия музликларига ҳам етиб бормоқда. Заҳарли тузларнинг ҳавога кўтарилишини олдини олишнинг энг мақбул йўли қуриган денгиз ҳудудига саксовул уруғини экиб ўрмонзорлар барпо этишдир.

- Ўтган йилнинг май ойида Оролбўйи минтақасида, жумладан Хоразм вилоятида рўй берган қум ва туз бўрони экологик хавфнинг кўлами нақадар кенг ва жиддийлигидан бизни яна бир бор огоҳлантирди,- дейди Ўзбекистон экологик ҳаракати Хоразм вилоят бўлими раҳбари Камолбек Жуманиёзов. - Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида минтақадаги экологик муаммолар ечими ҳақида тўхталиб, Орол денгизининг сувсиз ҳудудида 2019 йилда 500 минг гектар ўрмонзор барпо этиш бўйича топшириқ бериб, бу вазифани амалга ошириш механизмларини ҳам белгилаб берди. Халқимиз бу ташаббусни якдиллик билан қўллаб-қувватлаб, ушбу эзгу ва хайрли ишда фаол иштирок этмоқда. Биз ҳам Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги Найман қишлоғи аҳолиси кўмагида Оролбўйи ҳудудига экиш учун 200 килограммга яқин саксовул уруғини тўплаб, Мўйноқ туманида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича ташкил этилган штабга етказиб бердик.

Мутахассисларнинг фикрича,агар саксовуллар 3 қатор қилиб экилса қум кўчиши 30 фоизга пасаяди, 7 қатор қилиб экилганда эса бу кўрсаткич 90 фоизга етади. Саҳрода саксовул, қандим, черкез каби ўсимликлардан иборат ўрмонзорлар барпо этиш натижасида ҳудудда ўзига хос экотизим пайдо бўлиб, иқлим ўзгаришларининг олди олинади.

Фото: «Халқ сўзи»

Фото: «Халқ сўзи»

Мўйноқ туманига Хоразм вилоятидан келган ҳашарчилар саҳрога саксовул уруғини экиш бўйича ўтказилган оммавий тадбирда қатнашдилар. Ҳашарчилар учун дошқозонларда ош дамланиб, вилоят санъат усталари ижросида бадиий дастур намойиш этилди.

Эслатиб ўтамиз, Оролбўйидаги экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш борасидаги ташаббуслар ва саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш бўйича жойлардаги жамоатчилик вакилларининг таклифларини инобатга олиб Ҳукумат фармойиши қабул қилинди. Фармойишга асосан, 2019 йил 26 январь куни умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилади.

Мазкур хайрия ҳашаридан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонларини барпо этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга сарфланади.

Фото: «Халқ сўзи»

Бўлимлар