Махсет Утемуратов концертидан репортаж

 
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист Махсет Утемуратов 1-7 март кунлари Нукус шаҳрида “Анамаў” деб номланган концерт дастурини ўтказиши ҳақида кўпчилик хабардор бўлиб улгурган эди. 3-март куни биз ҳам ушбу дастурга ташриф буюрдик. 

Аслида радиодаги ҳамкасбим ва шеригим Шахзада Базарбаева билан мазкур концертни онлайн тарзда ёритмоқчи эдик. Бироқ бизга техник муаммолар панд бериб қўйди. Шундай бўлса ҳам, концерт ҳақидаги фикрларимни билдириб ўтишни жоиз деб топдим.

Концерт бошланишидан олдин, ноутбукни қучоқлаганча, залдаги энг охирги қаторга бориб жойлашдим. Орқа ўриндиқларда ноутбук титкилаётганим театр ходимларини бироз ўйлантириб қўйди шекилли, улардан 3-4 таси нима қилаёитганимни сораб кетишди. Уларга эринмай тушинтиришга тўғри келди. 
Зални 70 %и тўлган бўлишига қарамай, Махсет Утемуратов бошқа хонандаларга ўхшаб, зал тўлишини кутиб ўтирмади ва концертни ўз вақтида “Қарақалпағим” номли қўшиқ билан бошлади. 

Декорация ҳақида икки оғиз: Чап томонда Махсет, ўнгда “Анамаў” ёзувлари, ўртада хонанданинг эмблемаси жойлашган. Баҳор кириб келганини декорациядан ҳам билиб олиш мумкин. Лекин очиғини айтсам, концертда ўзгачароқ декорация кутган эдим, оддий эмас. Балки театрга монитор қўядиган пайт келгандир.

Махсет Утемуратов “Унаттим” номли қўшиқни куйлаганида, зал тўлқинланди. Хонанданинг ютуғи сифатида бевосита томошабинлар билан бирга ишлаша олганини таъкидлаб ўтиш лозим. Концерт учун бошловчилар шарт эмаслиги яна бир бор исботланди. 

Санъаткор “Балларима” деб номланган янги қўшиғини куйлаганида, томошабинлар бу ашулани яхши кутиб олишди. Шундан сўнг у “Ғазлардин қанатинда” қўшиғим бор” деган эди, кўпчилик қарсаклар билан қарши олди. Бироқ хонанда ушбу қўшиқни эмас, унинг мантиқий давоми бўлган “Ғазлар киятир” қўшиғини куйлади. 

Концерт меҳмони Арпебай Алланиязов “саур яр” қўшиғини куйлаган пайтда, Махсет Утемуратов Арепбай саҳнага чиққанидан кейин ҳам, 40 сонияча саҳнада турди ва кейинчалик уни тарк этди. У бу вақт ичида кичкина болалар олиб чиққан гулларни қабул қилиб олди ва бироз вақт ўз шогирдини руҳлантириб турди.

Шундан сўнг саҳнага Юморбек чиқди. Нима учун чиққанини тушунган бўлсангиз керак. Мавзу эса яқинлашиб келган 8-март хотин-қизлар байрами. Махсет Абдижамилов ҳалиям ўз репертуарида. Мухлислардан қарсак сўраш одати ҳали қолмаган экан. Юморбек аёлларга яхши “пахта қўйди”. Лекин мавзуларга гап йўқ. Ҳаётий, чегарадан чиқмаган мавзулар. Муҳими томошабин яхши қабул қилди.

Махсет Утемуратов концертидан репортаж

Хазил вақти тугаганидан кейин, Махсет Утемуратов яна саҳнада пайдо бўлди. Бу сафар у қора шим, костюм ва қора футболкада чиқди. Очиғи бу кийим менга унчалик ҳам ёқмади. Футболка ўрнига кўйлак кийилганида, балки яхшироқ бўлармиди. 2-3 та лирик қўшиқлар айтилганда, мухлислар бироз зерикиб қолишгандек бўлди. Соат 18:57 дан бошлаб томошабинларга Махсет Утемуратовнинг 2016 йилги календари тарқатилди. Календарлар роса талаш бўлди ўзиям. Текин бўлганидан кейин, талаш бўлмасаям бўмайдида энди.

Ҳар бир қўшиқдан олдин Баҳтияр Жуматаев диалог ўқиди. Буни Баҳадир Разимбетовнинг ҳам концертида кўрганим боис, бу мен учун янгилик бўлмади. Мени эътиборимни тортган нарса, олди қаторда ўтирганлар бўлди. Жудаям жиддий инсонлар шекилли. Худди телевизорда сериал кўргандек ўтиришди ўзиям.

Ниҳоят лирик қўшиқлар тугаб, шўх қўшиқларга ҳам навбат келди. “Ухлаб” қолган мухлислар, уйғонишди. Орқа томонда ўтирганлар рақсга тушишди. Ҳаммасиям эмас албатта. “Юрагида ўти бор” 5-6 таси. 

Концертнинг кутилмаган “нуқта”си Махсет Утемуратовнинг “Жилва назли” (Ушбу қўшиқнинг ҳаиқиқй номини қандай эканини билмадим, хуллас бу қўшиқда “ўйнар сарбиназим” деган жумлалар бор) қўшиғини DJ Миран айтиб чиққани бўлди. У саҳнага чиққанида Махсет Утемуратов ҳам ёнида турганига кўпчилик улар биргаликда дуэт айтишса керак деб ўйлашган бўлса керак. Шахсан мен шундай ўйладим. Йўқ, адашибман. DJ Миран микрофонни ҳеч кимга бермай, битта ўзи шу қўшиқни айтти. Қўшиқ тугаганидан кейин, концерт қаҳрамони яна саҳнага қайтди. Кўпчилик сингари мен ҳам хонанда яна киймларини алмаштириб чиқса керак деб ўйлагандим, йўқ яна чучварани ҳом санабман. У эски кийимида эди. Шундан сўнг Махсет Утемуратов бир пайтлар Нукус давлат педагогика Институтининг “Туран” ҚВЗ жамоасида ўйнагнини эсга олди. Табиийки саҳнага чиқиш навбати ушбу жамоага берилишини кута бошладик. Бу сафар чучварани тўғри санаган эканман. Худди шундай бўлди. Ростини айтсам, ушбу ҚВЗ жамоаси бекорга икки марта Ўзбекистон чемпиони бўлмаганига амин бўлдим. ҚВЗчилар “синдириб” қўйишди лекин.

“Туран”дан кейин, саҳнада битта йигит пайдо бўлди ва “она” монологини ўқиди. Юраги тошдан бўлганлар ҳам бу монологни эшитганидан кейин, кўзларига ёш келган бўлса ажабланмасдим.

Махсет Утемуратов концертидан репортаж

Махсет Утемуратов учинчи марта кийим алмаштирган ҳолда, саҳна марказида пайдо бўлди. Бу сафар у оддий костюм-шимда чиқди. Бўларкану, ялтир-юлтурларсиз чиқса ҳам. Кўпчилик хонандалар концертларида мавзу бўлган қўшиқни охирида куйлашарди. Лекин Махсет ака охирини кутиб ўтирмай, дастур ўртасида “Анамаў” қўшиғини ажойиб тарзда куйлаб, олқишлар “ёмғири” остида қолди.

Махсет Утемуратов концертидан репортаж

“Саҳибжамал” қўшиғи куйланишидан олдин, саҳнада кичкина қиз пайдо бўлди. Сўнгра яна бир нечта қизалоқлар ушбу қўшиққа рақс тушишди. Негадир ушбу жараён табиий чиқмади. Балки бу олдиндан уюштирилгандир. Яна ким билади дейсиз.

Хонанда “Ғазлардин қанатинда” қўшиғини томошабинлар билан бирга жонли куйлагани таҳсинга сазовордир. 

Концертнинг бу сафарги сирли меҳмони сифатида Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Туркманистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист Мирзагул Сапаева таништирилди. Махсет Утемуратов бу сафар ҳам саҳнани бироз вақт тарк этмасдан, меҳмонни қўллаб-қувватлаб турди.
Мирзагул опа ўз ўрнини “Шўх жигитлер” кулги жамоасига бўшатиб берди. Бу йигитлар (орасида битта қиз ҳам бор экан) ростанам шўх экан. Битта саҳна кўриниши орқали, бутун зални “думалатиб” ташлашди шоввозлар. 

Махсет Утемуратов концертдаги тўртинчи кийимда яна саҳнада. Бу сафар у олдингисидан бошқачароқ костюм-шим ва галстукда эди. Хонанда Хоразмча қўшиқ куйлади ва хоразмчани иложи борича ўшатишга ҳаракат қилган.
Концерт қаҳрамони, Хоразмлик хонанда Бунёдбек Саидовнинг “Айсара” қўшиғига жавоб тариқасида хазилона қўшиқ куйлади. Бу қўшиқ бутун зални жонлантирди десам муболаға деган сўз ҳижолат бўларди. Хонанда ушбу қўшиқни айтиб бўлганидан кейин “Бунёдбек ушбу қўшиқни эшитганидан кейин, менга қараб “Оға ёрибсиз” деди” дея таъкидлаб ўтди.

Томошабинлар хонандадан “Кел бағларима” қўшиғини сўрашди. Талаб ўз ўрнида бажарилганидан кейин зал оёққа турди. Олдинги қатордагилар ҳам бугун телевизорда сериал эмас, театрда концерт кўраётганликлари эсларига тушиб қолди шекилли, жонлангандек бўлишди. Махсет Утемуратов ушбу қўшиқни куйлаётганда саҳнадан пастга тушиб, томошабинлар орасига кириб кетди. Бу пайтда томошабинлар орасида кимдир рақсга тушиш билан, яна кимдир эса ижтимоий тармоқларга расм қўйиш учун, расмга тушиш билан овора бўлишди. 

Дарвоқе, концерт давом этаётган пайтда, залда кимдир кичкина боланинг онасини излаб юрганини кўрдик. Қайсидир она концертга берилиб кетганидан, қизи билан келганини унутиб қўйган шекилли. Лекин она тезда топилди. 

“Халқим сен дегенде” қўшиғи концертга якун ясаб бериши керак эди. Бироқ дастур меҳмони Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Бибираба Ўтепбергенова саҳнага чиқиб, Махсет Утемуратовга оқ фотиҳа берди ва жонли овозда қўшиқ куйлади. 70 ёшли онахон ёш “юлдуз” хонандаларга жонли ижрода куйлаш борасида мастер-класс ўтказди десам хато қилмаган бўламан. Шу ёшда ҳам, шундай овозга эга бўлиш, бунинг устига саҳнага чиқиб, куйлаш ҳақиқий жасорат. Буни фонограммалар қироли бўлиш учун талашаётган эстрадамизнинг ёш ЮЛДУЗЛАРИ кўришса яхши бўларди.

Махсет Утемуратов концертидан репортажНукус вақти билан соат 20:39 да концерт дастури ўз ниҳоясига етди. Лекин олдинда яна 4 кунлик концерт бор. Биз Махсет Утемуратовга ана шу 4 кун давомида, концертни яхши ўтказишига тилакдошмиз. Концертдан тайёрланган репортаж шулардан иборат. Саломат бўлинг…

Фурқат Юсупов
Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар