Чекинган денгиз изидан...

Бугунги кунда барчанинг диққат-эътибори Оpолгa қapaтилгaн. Чунки, Муҳтарам Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатида 2019-йилнинг ўзида денгизнинг қуриган тубидаги 500 минг гектар ерга саксовул экиш буйича кечиктириб булмaйдиган аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Бу ишлар декабрь ойида-оқ бошланиб кетди. Ҳозирги пайтда бу ерда ўтказилаётган кенг кўламли тадбирларда республикамизнинг шаҳар, туманларидан ва вилоятлардан келган икки мингга яқин ишчи, 400 дан ортиқ техникалар иштирок этмоқда. Бугунги кунда денгизнинг қуриган тубига саксовул экиш учун 380 минг гектардан ортиқ ер майдони тайёрланиб, 115 минг гектардан ортиқ ерга саксовул уруғи экилган. Ҳозирги пайтда республикамизнинг шаҳар, туманларидан, барча вилоятлардан келган ўрмон хўжаликлари, ободонлаштириш бошқармалари ходимлари, МТП механизаторлари ҳамда маҳаллий аҳолининг иштирокида саксовул уруғларини йиғиш ҳамда экиш ишлари кизғин давом этмоқда. Бу хайрли ишга бизнинг туманимиздан боpгaн соҳа ходимлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

“Минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши» дегандек, Орол денгизининг сувсиз қолган ҳудудида саксовул экиб, эзгу ишга қўл ураётган ҳамқишлоқларимизга ҳормасин айтиш ниятида эрта тонгдан туман ҳокимининг ўринбосари Қалбай Қонарбаевнинг автомашинасида туман МТПнинг уч механизатори билан бирга йўлга чиқдик. Қисқа салом-аликдан сўнг механизаторларнинг Орол денгизининг Суpгил участкасига саксовул экаётган ҳамкасбларини алмаштиришга боpaётгани маълум бўлди.

—Бир ҳафтадан алмашиб турамиз,— деди ўзини Бухарбай Сапарниязов деб тaништирган механизатор, — Бундан олдин ҳам бир марта бориб келган эдим. Янги йилни “Оролқум”да кутиб олдик. У ердаги бизларнинг асосий ишимиз денгизнинг қуриган тубига ариқ қазиб, саксовулнинг уруғи экилгандан сўнг устини текислашдан иборат,— деб жавоб берди усти-устига берган саволларимга. Хуллас, Мўйноқга боргунча суҳбатимиз Орол денгизи ва унинг қуpиган ҳудудида экилаётган саксовул плантацияси ҳақида бўлди.

...Мўйноқ туманига бундан 13 йил аввал «Еркин Қарақалпақстан» газетасида ишлаб юрган пайтимда боpгaн эдим. Уша вақтлар билан солиштирганда Мўйноқда ҳозир сезиларли ўзгаришлар бор. Кўчалари янгидан aсфaльтлaнгaн, кенг ва озода. Кўп қаватли турар жойлар қуpилгaн. Туман марказида олиб борилаётган курилиш ишлари кимнинг бўлса ҳам диққатини ўзига қаратади. Энг асосийси, бугун туман аҳолисининг келажакга деган ишончи мустаҳкам, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга деган иштиёқ кучли.

Биз минган машина туман марказидан чиқиб, “Уч сой” посёлкаси орқали денгиз томон тўғрилаб юрди. Бу посёлка баландлиги 7-8 метр, узунлиги 3-4 километр келадиган тепаликнинг ёнгинасида жойлашган. Айтишларга қараганда “Уч сой” Орол денгизининг бир бўлаги бўлиб, бу маконларда балиқ овланган экан. Посёлкадан ўтиб, денгизнинг қуриган тубига тушганимизда “Каттароқ машина бўлмаса “Нексия” билан денгизнинг тубига бора олмасак керак” деган ўй-хаёлларимиз йўқга чиқди. Чунки, биз минган автомашина Оролнинг қуриган тубида асфальт йўл билан бир текис юриб борар эди (айрим жойлардаги чуқурларди ҳисобга олмаганда, албатда).

Орол денгизининг тубини оппақ қор қоплаган. Ичкарига кирган сари атрофда қатор-қатор экилган саксовуллар кўринади. Йўлда саксовулнинг уруғини тошиган тиркамали тракторларга кўзимиз тушди. Чамамда 50-60 километр юрганнан сўнг йўл четида қатор турган тўрт автобусни кўрдик.

—Уруғ йиғишга келган мўйноқликлар,—деди Қалбай оға саксовулзорликнинг ичида юрган одамларни қўли билан кўрсатиб, — Бир килограмм саксовул уруғининг баҳоси 15 минг сўм. Бир одам кунига 10 килограмм уруғни бемалол йиғса бўлади. Энди ўзингиз ҳисоблаб кўринг. Бир оиладан уч одам чиқса бир кунда 400-500 минг сўм пул топади. Ҳозирги пайтда бу Мўйноқ аҳолиси учун қўшимча даромад манбаига айланган,—деди у машина ҳайдаб бораётиб йўлдан кўзини ўзмасдан. Биз ҳам машинадан атрофга назар ташлаймиз. Саксовулзорлар ортда қолиб, чўп кўкармаган саҳро бошланди.

—Декабрь ойида биринчи келганимизда ариқ қозишни шу ердан бошлаган эдик,— деди механизатор Бухарбай, — Ҳозир бундан ҳам узоқлашиб кетдик. Белгиланган ҳудудга саксовул уруғини экиб бўлгандан сўнг бошқа жойга кўчиради.

Тушликдан сўнг механизаторларнинг будкасига ҳам етиб келдик. Қатор турган беш будканинг морисидан чиққан тутин осмонга кўтарилади. Будканинг атрофида йигирмага яқин трактор ариқ қазувчи тиркамаси билан саф тортиб тур.

Бизни Нукус туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлари буйича ўринбосари Мурат Тажетов кутиб олди.

— Тахтакўпир, Чимбой, Қараўзак, Кегейли ҳамда Нукус туманларининг механизаторлари бир белгиланган ҳудудда меҳнат қилаяпти,—деди у салом-аликдан сўнг ал-аҳвол сўраб бўлиб. —Оролнинг бугунги табиатини фақатгина ҳамжиҳатлик билан яхшилашимиз мумкин.

Чиндан ҳам, биз у ердагиларнинг ҳар бири билан суҳбатлашганимизда уларнинг юқори кайфиятда эканлигини пайқадиқ.

—Ётган жойимиз илиқ, озиқ-овқат етарли, техникаларимиз соз. Ишлайман деган одамга бундан ортиқ нима керак?! — деди берган саволимизга савол билан жавоб берган туман МТП механизатори Марат Қабулов.

—Туман МТПнинг тўрт трактори саксовул экишга қатнашаётган бўлса, ҳар бир механизатор бир кунда 100 гектардан ортиқ ер майдонига ариқ қазаяпти,—деди Нукус туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими ходими Руслан Турдимуратов.

Қоронғилик тушаётганда ортга қайтдиқ. Йўл-йўлакай чекинган денгизнинг изидан чақдам қадам ташлаган инсониятнинг ишларига қойил қолмай иложимиз йўқ. Чунки, бу эзгу ишлар келажак авлоднинг фаровон ҳаётда яшашига замин яратиб бериши  аниқ.

Женгис СЕЙДУЛЛАЕВ

Акманғит—Сургил—Ақманғит

Бўлимлар