Нукусда Миллий гвардиянинг 30 нафар ҳарбий хизматчисига янги уйлар топширилди

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг 30 нафар ҳарбий хизматчисига Нукус шаҳрида қурилган кўп қаватли янги уйларнинг калитлари топширилди.

Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати маълум қилди, дея ёзмоқда "Халқ сўзи Online".

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда сўзга чиққанлар кейинги йилларда миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва яшаш шароитини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлашди.

Ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларига янги хонадонларнинг калитлари топширилганидан сўнг мутасадди ташкилот раҳбарлари ва меҳмонлар билан биргаликда хонадонлардаги шарт-шароитлар кўздан кечирилди. Янги уй эгалари яратилган шароит ҳамда юксак эътибордан бахтиёр эканликларини яширмадилар.

Шундай уй соҳибларидан бири Миллий гвардия офицери, майор Абдижон Абдувалиев ўз шодлигини қуйидагича изҳор этди:

— Аввало, муҳтарам Юртбошимиз, Миллий гвардия қўмондони ва бизни қўллаб-қувватлаган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шинам, барча қулайликка эга уйнинг соҳиби бўлганимдан оила аъзоларим ҳамда яқинларим ҳам хурсанд. Бу кун ҳаётимдаги энг бахтли кунларимдан биридир. Мен бундан кейин ҳам она юртим, Президентим ва халқимга садоқат билан хизмат қилишда давом этаман. Ватаним ҳимояси учун доимо шайман.

 

 

Бўлимлар