ИИВ машҳур “Жаслиқ” қамоқхонасидаги ҳолат юзасидан расмий маълумот берди

2019 йилнинг 2 февраль куни баъзи бир ижтимоий тармоқларда “Жаслиқ” маҳкуми Искандар Худойбергановнинг аҳволи оғирлашди” сарлавҳаси остида хабар тарқатилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган 19-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган, 44 ёшли Искандар Худайбергановнинг амакиси олдига милиция ходими келиб, унинг аҳволи ўта оғирлиги, жиддий касалланганлиги ҳамда зудлик билан хабар олиш лозимлигини айтганлиги ҳақида баён қилинган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси берган маълумотга кўра, 1974 йилда Тошкент шаҳрида туғилган маҳкум Искандар Эркинович Худайберганов, 2002 йил 28 ноябрь куни Тошкент шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 155-моддаси 3-қисми, 156-моддаси 2-қисми, 159-моддаси 4-қисми, 161-моддаси, 242-моддаси 2-қисми, 247-моддаси 3-қисми, 248-моддаси 1-қисми ўлим жазосига ҳукм қилинган ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ажримига асосан ҳукм ўзгартирилиб, 25 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Шунингдек, маълумотда маҳкум И.Худайбергановнинг яқин қариндошлари олдига Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасида ёки 19-сон жазони ижро этиш колониясида хизмат қилаётган ходимлардан бирортаси бормаганлиги ҳамда ҳозирги кунда маҳкум И.Худайбергановнинг соғлиги қониқарли даражада бўлиб, стационар ёки амбулатор тартибда даволанишга муҳтож эмаслиги, у барча маҳкумлар қатори жазо муддатини ўтаётганлиги билдирилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси

 

Бўлимлар