Нукусдаги абгор маданият маркази базўр фаолият кўрсатяпти

Нукус шаҳридаги «Ақ жағыс»​ маҳалласида жойлашган маданият ва аҳоли дам олиш маркази жуда абгор аҳволга келиб қолган, дея хабар беради Mahalla газетаси, дея ёзмоқда "Kun.uz".

Хабарда тасвирланишича, иморат бир қарашда омборхона ёки қорамоллар сақланадиган жойни эслатади.

Муаллиф Омирбай Есбергеновнинг ёзишича, кучлироқ ёмғир ёғса, қулаб тушадиган масканда 60 нафардан зиёд бола тўгарак машғулотларига ҳамон қатнайди.

«Болаларнинг тўгарак машғулотларига иштиёқи баланд, аммо улар учун бу ерда на имконият ва на муносиб шароит бор. Ўқитувчи-ю болалар бир томондан деворнинг қулаб тушишидан қўрқиб ўтирса, иккинчи томондан синиқ эшиклар ва ойналардан кираётган совуқ жон-жонидан ўтиб кетади.Ўндан зиёд хонанинг аксарияти талабга мутлақо жавоб бермагани боис михлаб, ёпиб ташланган. Биргина марказ раҳбари Тилеумурат Пиримбетовннг хонасида 7-8та стул ва столга кўзимиз тушди холос. Тўгарак хоналарида жиҳоз йўқ. Ўқувчиларнинг ўзи мусиқа асбобларини олиб келади», —​дея баён қилади у.

Маълум қилинишича, марказ раҳбарияти мазкур аҳвол бўйича «Тегишли юқори ташкилотларнинг барчасининг хабари бор»​ деган изоҳни келтириб ўтган. «2013 йилда шу тўғрисида ВМ қарори чиққан бўлиб, бундай таъмир ишлари маҳаллий ҳокимликлар вазифасига киритилган эди. Лекин бу нарса амалга ошгани йўқ. 2019-2020 йилларда шунга асосан 147та объектда  таъмирлаш ишларини амалга оширамиз. 26 та янги объект қурилади, 45 та объект реконструкция, 26 та объект капитал таъмирдан чиқади», – дейди Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев.​

Шунга қарамай, «Ақ жағыс» маҳалласидаги абгор марказ тақдири ОАВга қоронғи. 

Хоразм вилояти Хонқа туманида истиқомат қилувчи кишилардан Kun.uz таҳририятига юборилган мурожаатда эса марказий кутубхонанинг абгор аҳволда қолаётганидан норози бўлишган. 

«Хонқа туманининг марказий кутубхонаси ҳозирги кунда жуда эски бинода фаолият кўрсатяпти. Ўз биноси бундан тахминан 20 йил олдин бузиб ташланган. Агар шароит яхшиланса, китобхонлар жуда хурсанд бўларди. Ахир ёш авлодга китобни севиш, уни ардоқлаш кераклиги ўргатилаётган бир пайтда, кутубхонанинг аҳволини кўриб, фарзандларимиз шашти пасайиб кетса ажабмас», — дейилади мурожаатда.

 

Бўлимлар