Ўзи уйсиз бўлган Cирдарёлик тадбиркор аёл Қорақалпоғистонда хайрия тадбирларини амалга оширди

Сирдарёлик тадбиркор Дилфуза Мансурова Янги йил арафасида Гулистон шаҳрида эҳтиёжманд оилалардаги қизчаларга байрамона кўйлакчалар совға қилганди. Куни кеча у Қорақалпоғистоннинг бир неча ҳудудларида ҳам ана шундай хайрли ишни амалга оширди, дея хабар беради «Халқ сўзи».

 

Дастлаб у Нукусдаги республика туғруқхонасида 11 нафар аёлга чақалоқ буюмлари тўпламини туҳфа қилди. Нукус ва Хўжайли туманларида эса 20 та оила фарзандларига корхонасида ишлаб чиқарилган болалар кийимларини топширди.

«2019 йилда ишлаб чиқарган маҳсулотларимдан бир қисмини бутун Ўзбекистондаги кам таъминланган оилаларга тарқатишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Бу ишимни Қорақалпоғистондан бошладим. Худо хоҳласа, бундай тадбирни Ўзбекистоннинг қолган 12 та вилоятида ҳам ўтказаман», — дейди тадбиркор.

Маълумот учун, Дилфуза Мансурова бош бўлган жамоа арзон ва сифатли чақалоқ кийимлари тўплами ишлаб чиқаради. Қизиғи, хайрия тадбирлари билан шуғулланаётган бу аёлнинг уй-жойи йўқ, ижара хонадонда яшайди.

Бўлимлар