Халқ фарованлиги йўлидаги эзгу ишлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Оролбуйини ижтимоий-иқтисодий томондан янада ривожлантириш, халқимизнинг яшаш тарзини янада яхшилаш, ободан турмушини таъминлаш мақсадида амалга оширилиши кутилаётган янги лойиҳалар билан бир қаторда Оролбуйи ҳудудида “Яшил қапломалар”ни барпо этиш вазифаларини белгилаб берган эди.

Шунингдек, Орол денгизининг қуриб бориши оқибатида юзага келган экологик ҳолатни юмшатиш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ҳамда денгиз тубидан тузли чанглар кўтарилишининг олдини олиш мақсадида чўлга чидамли ўсимликлар экиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг барча халқимизга Мурожаати ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Ҳозир Орол денгизининг тубида республикамизнинг туманларидан ва барча вилоятлардан 2 мингга яқин ишчи кучлари билан 500 дан ортиқ техникалар чўлга чидамли ўсимликларни экиш ишларида иштирок этмоқда. Саксовул экилган ер майдонлари куннан-кунга кўпайиб боряпти.

Бу эзгу ишларга туманимизнинг аҳолиси ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб, қишнинг аёзли совуқ кунларига қарамасдан оммавий тадбирда иштирок этмоқда. Жумладан, туман ободанлаштириш бошқармаси билан техникаларга хизмат кўрсатувчи марказий машина трактор паркидан 40 дан ортиқ ишчи, 20 дан ортиқ турли турдаги техникалар жалб этилган. У ерда ишчи ва механизаторлар учун барча қулай шароитлар яратилган. Шунингдек, улар моддий ва маънавий  томондан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Оролбуйи ҳудудидаги экологик ҳолатни яхшилашга ҳисса қўшиш — элимизнинг ҳар бир фуқаросининг шарафли бурчи эканлигини унутмайлик.

 

А.ШАРИПОВ,“Хожели ҳақыйқаты” газетаси мухбири

Бўлимлар