Тўрткўлликлар ҳам мардановар меҳнат қилмоқда

Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўқиб чиқар эканман, юртимиздаги ривожланишлар қадами дадил ва собид қадам эканлигини ҳис қилдим. Мурожаатномадаги барча соҳани қамраб олган муаммоли ва ечим кутаётган йўналишлар ўйлайманки, жорий йилда ўз ижобатини топади. Хусусан, Мурожаатномада: “...Ҳозирги вақтда Орол фожиаси  туфайли 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонда Оролқум саҳроси пайдо бўлди... Бу масалада қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол  денгизининг сувсиз ҳудудида 2019 йилда яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилади... Мўйноқ туманида барча зарур инфратузилмаларга эга бўлган замонавий шаҳарча бунёд этилади” деган эдилар Юртбошимиз.

Президентимизнинг топшириқларига асосан, бугун Мўйноқ яшариш ва янгиланиш даврини бошдан кечирмоқда. Айниқса, Орол денгизининг сувсиз қолган ҳудудини ўрмонзорга айлантириш ишлари авжга чиққан. Бу эзгу ишларга тўрткўлликлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

— Орол денгизининг тубида туманимиздан 40 га яқин ишчилар кечани кеча, кундузни кундуз демай меҳнат қиляпти. Туманимизнинг 23 нафар ўрмон хўжалиги ишчилари саксовул экиш ва 15 нафар ишчи Тўрткўл МТПга қарашли тракторларда ерларга ишлов беришмоқда. Мўйноқ туманидан чеккада жойлашган ушбу ҳудуднинг яқин йиллар ичида ўрмонзор бўлишини тасаввур қилиб, ана шу ғайрат билан ишламоқдамиз. Ётоқ ва озиқ-овқатдан муаммоларимиз йўқ,—дейди Тўрткўл туман давлат ўрмон хўжалиги  бошлиғи Азамат Сабуров биз билан телефон орқали мулоқотда бўлганида.

Гўзал ҒАЙРАТОВА, “Тўрткўлнома” газетасининг махсус мухбири.

Бўлимлар