Қорақалпоғистонда ёш гвардиячилар мусобақаси ўтказилди

Илк бор Қорақалпоғистон Республикасида умумтаълим мактабларининг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфларида таҳсил олаётган чақириққача тайёргарлик ёшидаги ўқувчилар ўртасида “Ёш гвардиячилар” мусобақаси ўтказилди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати маълум қилди.

Унда Миллий гвардия бўлинмаларига бириктирилган 4 та мактаб ўқувчилари ҳамда Нукус шаҳридаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўзаро беллашдилар.

Жамоалар 5 та шарт бўйича ўзларининг устозларидан олган билимларини ҳакамлар ҳайъати аъзолари олдида намойиш этишди. Гуруҳни таништириш, савол жавоб, 100 метрга югуриш, турникда тортилиш ва арқон тортиш каби шартларда ўқувчилар ким чаққон ва ким билимдон эканлигини кўрсатишди.

Мусобақа сўнгида ғолиблар аниқланди. Унга кўра, 1-ўрин Нукус шаҳар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига насиб этди. Шунингдек, иккинчи ва учинчи ўринни қўлга киритган жамоалар ҳам аниқланиб, барча ғолибларга диплом, рамзий кубок ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

“Ёш гвардиячилар” мусобақаси бошқа вилоятларда давом эттирилади ва йил якунида Тошкент шаҳрида унинг республика босқичи ўтказилади.

Бўлимлар