Қорақалпоғистонда ўқитувчилар маошидан 500 мингдан ушлаб қолган ХТБ ходимлари жазога тортилди

«Kun.uz» сайтида чоп этилган «Ўқитувчилар маошидан 500 минг сўмдан ушлаб қолинмоқда» номли мақоли бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан Амударё тумани халқ таълими бўлимида ўрганиш ўтказган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди, дея ёзмоқда "Xabar.uz".

Маълум қилинишича, тумандаги 82 та умумтаълим мактабларида ишловчи 5154 нафар педагог ходимларнинг 3115 нафаридан электр энергияси, табийи газ, ичимлик суви ва бошқа коммунал тўловлар учун ноқонуний равишда розилиги олинмай иш ҳақидан ушлаб қолинган.

Мазкур ҳолат бўйича айбдор бўлган Амударё тумани халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Р.Маткурбанов ҳамда Халқ таълими бошқармаси Марказлаштирилган молия бухгалтерия хизмати бош ҳисобчиси М.Қаландаровлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми билан энг кам иш ҳақининг беш баравари (1 013 650 сўм) миқдорида жаримага тортилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига 2019 йил 8 февраль куни қонунбузилишини бартараф этиш ва келгусида йўл қуймаслик юзасидан белгиланган тартибда тақдимнома киритилди.

 

 

Бўлимлар