«Ёш китобхон» танлови ғолибаси Нурсулу Кегейлидан Тахиатошга "Spark"да келдими?

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тахиатош туман Кенгаши томонидан “Ёш китобхон“ Республика танловининг 14-19 ёшлилар ўртасида ғолибаси Нурсулу Коканова билан Тахиатош туманидаги 7-мактабда учрашув ўтказилди.

Кегейли туманидаги 9-мактабнинг 10-синфида таълим олаётган Нурсулу учрашув иштирокчиларига ўзи ҳақида, ўқиган китоблари ва танлов таассуротлари ҳақида гапириб берди. Танлов Янги йил байрамига тўғри келгани учун бош соврин - Спарк автомашинасини ота-онасига байрам совғаси қилганини фахр билан таъкидлади.

Шунингдек, танловгача 500дан зиёд китоб ўқиганлиги, танловдан сўнг ўқиган китоблари сони янада ортгани ҳақида айтиб ўтди. Бугунги кунда шахсий уй кутубхонасида 200дан ошиқ бадиий китоблари бор бўлиб, уларни Нурсулиуга байрамларда ва туғилган кунларида ота-онаси совға қилишган. Бу китоблардан “Ал-Кимёгар“ китоби Нурсулунинг ҳаётида алоҳида ўринга эга. Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси“ ва “Дунёнинг ишлари“ асарларини севиб мутолаа қилади.

Танловга тайёргарлик жараёнида адабиётлар етишмаслиги, керакли китобларнинг топилмаслиги Нурсулиуга бироз қийинчилик туғдирганда ёшлар иттифоқи китобларни топишда ёрдам берганини айтади.

Танловда ўзбек тилида гапириш қийин бўлмадими, деган саволга Нурсулиу қуйидагича жавоб берди: “Мактабда қозоқ тилида таълим оламан, аммо бу менга қийинчилик туғдирмади ва ғолибликка эришдим!“. 

-Барча қизлар орзу қилганларидек, мен ҳам Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси бўлишни орзу қиламан, -дейди Нурсулиу Коканова. -Англиянинг Кембриж университети талабаси бўлишни ният қилганман. Ва бу мақсад мени олға чорлайди.

Учрашув сўнггида энг яхши савол эгалари ва Нурсулу томонидан берилган саволларга тўғри жавоб берган иштирокчиларга самимий тилаклари ва дастхати ёзилган китоблар совға қилинди. Учрашув тумандаги 4-мактабда ҳам ташкиллаштирилди.

Хуршид Адилов.

Бўлимлар