Қорақалпоғистондаги Халқ қабулхоналарига хизмат автомашиналари топширилди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ҳамда туман Халқ қабулхоналарига хизмат автомашиналарини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов сўзга чиқиб, Президентимизнинг раҳбарлигида Халқ қабулхоналарининг фаолиятини такомиллаштириш, уларга кенг имкониятлар ҳамда шароитлар яратиш борасида амалга оширилаёган кенг кўламли ишлар ҳақида айтиб ўтди.

Таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17-январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони халқнинг мурожаатлари билан ишлашни янги босқичга кўтариш, уларни қийнаётган ҳар қандай муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда ҳал этишда йўл қуйилаётган камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Ушбу Фармон билан Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлашини ва ечим топишини, давлат органларининг халқ билан бевосита бирга ишлашини назарда тутадиган янги тизим яратилмоқда.


Ҳақиқатдан ҳам, Президентимиз томонидан белгилаб берилган “Халқ давлат органларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган прицип халқимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашига асос бўлмоқда. Шаҳар ва туман Халқ қабулхоналарининг хизмат автомашиналари билан таъминланиши уларнинг халқнинг орасига янада яқинироқ кириб боришида, муаммоларнинг тезлик билан ўз ечимини топишида ўзининг ижобий натижасини бериши аниқ.

—Бу каби эътибор ва ғамхўрлик бизга янада катта масъулият юклайди,—дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Элликқаъла тумани Халқ қабулхонасининг раиси А.Раззақова. —Халқимизнинг, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ҳамда ижтимоий муҳофазага муҳтож халқ қатламларининг муаммоларини ҳал қилишда ўзларимизнинг бор билим, тажрибамизни аямаймиз.

Бундан сўнг шаҳар ва туман Халқ қабулхоналарига 16 дона хизмат автомашиналари тантанали равишда топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонасининг раиси Ҳ.Халимов иштирок этди.

 

Бўлимлар