Тахтакўпирда кам таъминланган оилаларга уй-жойлар топширилди

Тахтакўпир тумани марказида кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож 5 та оилага Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан уй-жой топширилди.

Туман ҳокими ўринбосари Т.Нурманов, Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси У.Жалменов ва бошқалар мамлакатимизда аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, зарур маиший техникалар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Шу кунгача шароити йўқ уйда яшаб келган, бугун барча қулайликларга эга уй-жой билан таъминланган хонадон эгалари ушбу эзгу ишлардан хурсанд бўлди.

– Шу кунгача қизим ва набирам билан бирга ижарада қийин шароитда яшардик, – дейди “Отакўл” овул фуқаролар йиғинидан Лизахон Жиенбоева. –Юртбошимизга раҳмат, бугун уй-жойнинг бири менга топширилди. Ҳаттоки, кўрпа-тўшак, уй-рўзғор буюмлари ҳам берилди. Мутасаддиларга миннатдорлик билдираман.

Тахтакўпир туманининг табиий газ етиб бориши қийин бўлган жойларида истиқомат қилувчи кам таъминланган 36 та оилага 57 миллион 924 минг сўмлик, иккинчи босқичда эса 70 та кам таъминланган оилага умумий қиймати 87 миллион 612,4 минг сўмлик газ плитаси ва газ баллони тарқатилди. Бундан ташқари, 6 нафар бемор аҳолига 23 миллион сўмликдан ортиқ тиббий хизмат кўрсатилди. Кам таъминланган 25 та оиланинг уй-жойини таъмирлаб берилди.

Бу каби тадбирлар Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

 

Даўит Абибуллаев, 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.​​

Бўлимлар