Нукусда, Чимбойда ва Ҳазораспда автомобиллардан 40 миллионга яқин пул ўғирлаган Наманганлик фуқароларга жазо тайинланди

Тафсилотларга тўхталадиган бўлсак, 1983 йил Наманган шаҳрида туғилган Маруф Ниязов  2016-2017 йилларда ўғрилик билан шуғулланганлиги сабабли унга нисбатан суд томонидан қидирув эълон қилинган эди.Халқимизда қилмиш-қидирмиш ёки жиноят жазосиз қолмайди, деган нақл бор, шундай бўлди ҳам. Маруфнинг қидирувдаги фаолияти узоққа чўзилмади.

Ўғри бола ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, жиноий шериклари Муҳаммаджон ва Тоҳир билан олдиндан тил бириктириб, 2016 йил 13 ноябрь куни Чимбой туман “Дехқон бозори” яқинида бекатда турган “Нексия” русумли автомашинанинг эшигини қайчи билан очиб, автомашина юкхонасида турган 8,8 млн. сўм пулни ўғирлаган.

Бундан ташқари, Маруф жиноий шериклари билан биргаликда 2016 йил 29 ноябрь куни  Ҳазорасп туманига келиб, “Саноат” қишлоғида жойлашган гуруч бозорининг автотураргоҳида турган “Нексия” ва “Ласетти” русумли автомашиналарнинг орқа юкхонасидан 11.млн.сўм пулни гумдон қилган.

Яна бир мисол. 2017 йил 9 январь куни Нукус шаҳрининг “Кўҳна қалъа” ҳудудида жойлашган автотураргоҳдаги “Спарк” русумли автомашина эшигини қайчи билан очиб, салонда турган 20.млн сўм пулни олиб қочган.

Мазкур жиноий ҳаракатлар учун Муҳаммаджон ва Тоҳирларга нисбатан 2017 йилда суд ҳукми эълон қилиниб, уларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Маруф эса жазодан қутилиш мақсадида хориж давлатларининг бирида яширинган.

Бироқ, “Бузоқни югургани – сомонхонагача” деганларидек, 2018 йил 11 ноябрь куни  Маруф Россия Федерациясининг Оренбург шаҳрида ушланган.

Суднинг ҳукми билан М.Ниязовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг               169-моддаси 3-қисми “а” банди билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Ўғри қилмишига яраша жазосини олди.

 

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди

Бўлимлар