Қорақалпоғистонда талабаларга дарс берган профессор учала таълим вазирлигини бирлаштиришни таклиф қилди

«Ўзбекистоннинг 2035 йилга бориб дунёнинг энг ривожланган 50 мамлакати қаторига киришга эришиш мақсадида тузилган ривожланиш концепцияси ортида мамлакатда таълим тизимни ислоҳ қилишнинг кенг кўламли йўл харитаси бор», — деб ҳисоблайди «Дарё» колумнисти, «Буюк Келажак» гуруҳи эксперти, Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори Азамат Акбаров. Профессор яқинда Қорақалпоқ давлат университетида магистр ва талабаларга 3 кун давомида дарс берган эди.

Унинг фикрича, концепциянинг муваффақияти кенг маънода ёш ўзбекистонликларни иш билан таъминлашга яхшироқ асос яратадиган таълим тизимини ислоҳ қилишга боғлиқ бўлади. Ушбу ривожланиш концепцияси Ўзбекистон иқтисодининг табиий бойликлардан олинадиган фойдага ҳаддан ортиқ боғлиқ бўлишдан, барча тармоқлар ҳиссаси пухта ўйланган, инвестицияларга асосланган моделга ўтишни назарда тутади.

Барқарор ривожланиш учун таълимга иқтисодиётнинг ва инсон равнақининг ҳаракатлантирувчи кучи деб қарашимиз лозимлигини тақозо этади. Биз талабаларга танқидий фикрлашни, яратувчанлик ва барча талабаларимиз билан мулоқот қила билиш қобилиятини ривожлантиришимиз лозим; бу мақсадга эришиш учун эса ишни ўқитувчилардан бошлашимиз лозим. Мамлакат ўзгаришларни амалга оширишга бел боғлаган бўлса, ўқитувчилар бу йўлда асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистонда академик, назарий таълим билан бир қаторда касбий таълимга урғу берилишини таъминлашимиз лозим. Ўзбекистонда таълим соҳасига жуда ҳам кўп маблағ сарфланади, бироқ ўқитишга зарур инвестиция ва эътибор қаратилишига эришиш керак. Ўзбекистонда янги иш жойлари яратиш ишида ёрдам беришга жиддий киришган бўлсак, иккала ёндашувга ҳам кучли эътибор беришимиз сув ва ҳаводай зарур.

Таълимнинг муҳимлиги нимада?

Олдимизга ҳам ўзбекистонлик, ҳам чет эллик теран қобилиятли инсонларни жалб қилиш ва уларни мамлакатда сақлаб қолиш мақсадини қўйишимиз ва уларга зарур бўлган барча нарса ва шароитларни ҳозир қилиб беришимиз керак. Уларнинг Ўзбекистонда яшаб, фаолият олиб бориши иқтисодий ривожланиш ва қўшимча чет эл инвестицияларини жалб қилишга ҳисса қўшади.

Шу маънода саводлилик, арифметика, кўникма-малакалар ва инсон характерини ривожлантириш учун қатъий стандартлар асосида замонавий ўқув дастурлари ишлаб чиқишимиз керак. Олинаётган натижаларни кузатиб боришимиз ва таълим соҳасидаги йилма йил эришилаётган такомиллашувни кўрсатадиган мураккаб таркибли ютуқ ва камчиликларни эълон қилиб боришимиз керак. Таълим соҳасида олинган натижалар меҳнат бозори талабларига жавоб беришини таъминлаш мақсадида иқтисоднинг хусусий сектори билан яқиндан мулоқот қилишимиз керак.

Инвесторлар ва хусусий сектор учун ҳозирги кунда фақат давлат томонидан амалга оширилаётган таълим олиш ва бериш хизматларига йўл очиш учун қоида ва қонунларимизни такомиллаштириш ва ислоҳ қилишни давом эттиришимиз лозим. Давлатнинг хизмат кўрсатиш ролидан бу хизматларни тартибга солувчи ва назорат қилувчи ролига ўтказиш ҳақида ўйлашимиз ҳамда бундай ўзгаришни назорат қилиш имкониятини яратишимиз керак.

Ривожланиш концепциясининг аксар қисми моддий кўриниб туриши нуқтаи назаридан бошқарилади. Бу фикр «Буюк келажак»нинг қуйидаги стратегик мақсад ва вазифаларида акс этган:

  • Ўқитувчиларни ишга олиш, тайёрлаш ва уларнинг кўникма-малакаларини ошириш ишини такомиллаштириш;
  • Яратувчанлик ва инновацион ёндашувга туртки бериш учун ўрганиш муҳитини такомиллаштириш;
  • Ўқув дастурлари ва ўқитиш методларини такомиллаштириш;
  • Талабаларнинг қадриятларга бўлган муносабатлари ва асосий кўникмаларини такомиллаштириш;
  • Молиялаш методларини ривожлантириш ва молиявий самарадорликни ошириш;
  • Талабаларга миллий ривожланиш мақсад-вазифаларини ва меҳнат бозори талабларини ҳисобга олишга ўргатиш;
  • Таълим соҳасида хусусий сектор қатнашуви кўламини ошириш.

Вазирликларни бирлаштиришидан мақсад нима?

Халқаро тажрибани ўрганиб, мен уч вазирлик — мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини битта таълим ва фан вазирлигига бирлаштириш ғоясини таклиф қиламан. Албатта, бу Ўзбекистоннинг бизга 2035 йилгача олдимизга қўйган режаларни амалга ошириш йўлида жиддий режаларини белгилаб берувчи тарихий қарор бўлади.

Мамлакатимиз учун бу кенг миқёсдаги ривожланиш, фуқароларнинг фаровон келажаги учун узоқни ўйлаб қилинган туртки бўлади. Ушбу уч вазирликни бирлаштириш қарори мамлакат парламентининг таълим жараёни ва вазирликлар эҳтиёжларидаги воқеликни акс эттирувчи энг муҳим қарорларидан бири бўлади.

Ушбу бирлашиш мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар йўлидаги кўплаб тўсиқларга барҳам беради. Бирлашиш уч вазирлик орасидаги бўшлиқни тўлдирувчи кўприк бўлади ва таълим соҳаси натижаларини яхшилайди. Вазирликларнинг битта иш тизимида биргалашиб ҳамкорликда ишлаши ушбу жуда муҳим секторни тартибга солади ва ўз сиёсатлари ва дастурларини татбиқ қилиш ишларида самарали мувофиқлаштиришни таъминлайди.

Ҳозир Ўзбекистон ўқитиш методларига сифат ўзгартиришлар киритиш, ўз таълим инфраструктура объектларини такомиллаштириш ва талабаларга стипендиялар тайинлаш усуллари билан билимга асосланган иқтисод томон бормоқда.

Биз ўқув дастурлари стандартлари учун умуммиллий тавсиялар тузишга эътибор қаратишимиз лозим, ўқув дастурлари стандартлари ҳар қандай таълим дастурида биринчи қадам бўлиб, талабалар ўқишда олган натижаларини тасвирлаб беради. Стандартлар Ўзбекистонда таълим мавқесини янада оширади ва уни янги даражага кўтариб чиқади.

Янги ва замонавий ўқув дастурлари талабаларнинг таҳсил олиш даврининг барча босқичларида талабалар олдига уларнинг когнитив соҳадаги эришиш учун олдларига мақсад қилиб қўйган маррани баландроқ кўтаришга имкон берувчи юқори стандартларни ривожлантириш йўли билан жиддий вазифалар қўйиши керак. Бундай ёндашув ушбу стандартларнинг ютуқларини ўлчаш учун баҳолаш воситаларини яратиши, таълим сифатини яхшилаши ва баҳолаш натижаларига асосланган холда келажакда ривожланиш ишларида кўрсатма бўлиши лозим. Бу ўз навбатида кенг кўламли ва барқарор ривожланишга ўз ҳиссасини қўшади.

Daryo.uz: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.

Бўлимлар