Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси сайланди

Нукус шаҳрида Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий партия ташкилоти конференцияси бўлиб ўтди. 

 

Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ташкил қилиниб, унинг раиси сайланди. 

 

Дунё бўйича сўнгги йилларда табиатга кўп миқдордаги саноат, маиший ва бошқа чиқиндилар чиқарилиши турли даражадаги экологик муаммолар пайдо бўлишига сабаб бўлаётгани сир эмас. Конференцияда Ўзбекистон Экологик партияси олдида турган катта ва масъулиятли ишлар хусусида фикр-мулоҳаза билдирилди.

 

– Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида партиялараро рақобатни таъминлаш, барча сиёсий субъектлар учун тенг шароитлар яратиш, парламент ролини кучайтириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берган эди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Б. Алиханов. – Бу шароитда янги партиянинг тузилиши, унинг вазифаси қай даражада эканини англаш қийин эмас. Қонунчиликка кўра, янги сиёсий партия тузилиши учун 8 та маъмурий ҳудудда 10 кун ичида камида 20 минг имзо йиғилиши керак. Экологик партияни тузишда юртимизда шу муддат ичида 67 мингдан ортиқ имзо йиғилди ва бунда Қорақалпоғистон ҳудудининг ҳам ҳиссаси катта. Ушбу кўрсаткич мазкур партиянинг нечоғлик ҳаётимизга керак эканлигини билдиради.

 

Анжуманда Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгашининг жорий йил 23 февраль куни бўлиб ўтган пленумида қабул қилинган қарор мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

 

Таъкидланганидек, атроф-муҳитга эътиборсиз муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ва экологик талабларни менсимаслик Орол денгизининг қуриши, чўлланиш, ер ва сув ресурслари таназзули, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондини ёмонлашуви олиб келди. Ушбу муаммолар иқлим ўзгариши содир бўлаётган шароитларда янада яққолроқ ва кучлироқ намоён бўлмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимиз учун ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва уни соғломлаштириш масалаларини янада долзарб қилиб қўймоқда.

 

Конференцияда Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий партия ташкилоти кенгаши аъзолари, ҳудудий партия ташкилоти Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий партия ташкилотидан Ўзбекистон Экологик партияси II съездига 16 нафар делегатлар сайлаб олинди.

 

Конференцияда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Шу куннинг ўзида, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий партия ташкилоти кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда кенгашнинг ижроия қўмитаси аъзолари, унинг раиси ва ўринбосарлари сайлаб олинди.

Есимхон Қаноатов, ЎзА​​

Бўлимлар