Нукусдаги 46 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмади

Мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш, “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз ҳудуд” лойиҳаларида белгиланган вазифаларни самарали ва тўлиқ амалга оширишда қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида жорий йил бошидан Шимолий-ғарбий ҳарбий округнинг Нукус гарнизонида Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи ходимларини ўқитиш бўйича ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари бошланган эди.

Ўтган январь-февраль ойларида ушбу курснинг илк тингловчилари курсларни тамомлаб, ўқиш давомида олган билимларини амалиётда қўлламоқда. Март ойида ҳам мазкур курсларда иштирок этган тингловчилар сертификатлар ҳамда фаоллик кўрсатганлар “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирланди, дея ёзмоқда "ИИВ.уз"

Жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган ходимлар томонидан “ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир қилишга мойил”, деб гумон қилинган шахсларни Ички ишлар бўлимларига олиб келиниши, тунги вақтларда кўчаларда мақсадсиз юрган фуқаролар билан профилактик суҳбатлар олиб борилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижасида Нукус шаҳрида умумий жиноятчилик ўтган йилнинг мос даврига кўра, 19 фоизга камайишига эришилган. Жами 59 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 46 тасида умуман жиноят содир этилмаган.

Айни пайтда ўқув-амалий курсининг навбатдаги машғулотлари бошланди.

 

Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев(сурат), ЎзА

Бўлимлар