Мўйноқ гурунглари

Афсонавий балиқ заводи қайта қад ростламоқда

 

Орол денгизи тўлиб-тошиб турган бир пайтлар минглаб кишиларни иш билан банд, 3 сменада иш юритилган, кейинчалик денгиз қуриши билан фаолияти сусайиб бошлади.

 

Бугун 2000 йилларга келиб батамом инқирозга юз тутган Мўйноқ балиқ консерва заводи қайта қад ростламоқда. Мўйноқликлар туманда юз бераётган буюк ўзгаришлар қаторида ушбу корхонанинг қайта фаолияти йўлга қўйилишидан ғоят хурсанд бўлмоқда. 

– Балиқни қайта ишлаш ва балиқ консервасини ишлаб чиқариш заводини қуриш лойиҳаси учун “Кичик саноат зонаси” ҳудудидан ер ажратилди, – дейди “Мўйноқ аква саноат” давлат унитар корхонаси директори ўринбосари Мақсет Тоқсанбаев. – Лойиҳанинг умумий қиймати 26,2 миллиард сўмни ташкил қилади, шундан қурилиш ишлари ва ускуналар харид қилиш учун 13,1 миллиард сўм маҳаллий бюджетдан ва 13,1 миллиард сўм республика бюджетдан ажратилган. Корхона жорий йил охирига қадар ишга туширилиши белгиланган. Корхона фаолият бошлаши билан 64 кишининг бандлиги таъминланиши назарда тутилган.

2019 йилдан лойиҳанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 200 тонна балиқни дудлаш, 720 тонна балиқ қиймасини ишлаб чиқариш, 480 тонна балиқ филесини ишлаб чиқариш ва 9 миллион дона балиқ консервасини ишлаб чиқариш, ёпиқ сув айланма тизими ташкил этилиб, 300 тонна балиқ етиштиришдан иборат.

98980734-0747-4668-817d-ef8a34088487.jpg

 

Балиқни қайта ишлаш ва балиқ консервасини ишлаб чиқариш ускуналарини харид қилиш учун Россия Федерацияси Новосибирск шаҳрининг “Акватория” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси масъулияти чекланган жамияти коммерциялик таклифи олинди. Ҳозирги пайтда зарур ускуналарни харид қилиш мақсадида шартнома расмийлаштирилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори асосида 2016 йилда ташкил қилинган “Мўйноқ аква саноат” ДУКга “Судочье”, “ Жалтирбас”, “Рибачье” каби йирик кўллар доимий алоҳида фойдаланиш учун берилган бўлиб, ташкил қилинаётган консерва заводига асосан ушбу кўллардан маҳсулотлар етказилиб берилади.

 

00992077-5e45-45bc-b0dd-e6aef235f6d5.jpg

– Мўйноқ консерва заводининг қурилиши ҳақиқатдан халқ кутган янгилик бўлди, – дейди Учсой қишлоғида истиқомат қилувчи нуроний Адилбай Бигелдиев. – Ёшлигимдан ҳаётим денгиз ва балиқ консерва комбинати билан чамбарчас боғлиқ бўлди. Денгизнинг қуриши, комбинатнинг инқирозга юз тутиши бошқалардан кўра бизга жуда қаттиқ зарба бўлганди. Ҳозирда ёшим анчага келиб қолди. Мана шу кунларда Мўйноқда янги ҳаёт бошлангани бизни ҳам ёшартириб юборяпти. Ҳаётга, эртанги Мўйноқни кўришга иштиёқимиз баланд. Ҳар куни тумандаги олиб борилаётган қурилишларни кузатиб, кўнглимга таскин бериб уйга қайтаман. Бу кунларга етказганингга ҳам шукр дейман.

 

Консерва қутиси сабаб омон қолган аскар

 

Мўйноқ балиқ консерва заводининг донғи ҳақиқатдан ҳам дунёга тарқалган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида айнан Мўйноқдан 10 миллион донадан ортиқ консервалар фронтга жўнатилиб турилган. Урушдан кейин эса ишлаб чиқариш ҳажми 22 миллион донага етказилган.

 

Марҳум олим, академик Сабир Камалов урушга жўнаган пайт жуда ёш бўлган. Фронтда юрганида овулни қаттиқ соғинади. Бир куни тарқатилган озиқ-овқатлар билан келган балиқ консерва қутисининг сиртқи қоғозидаги ёзувига кўзи тушиб қолади. Қараса – Мўйноқда ишлаб чиқарилган. Худди овулини кўргандай беҳад хурсанд бўлади.

 

Консерва қутини очмай сумкасига солиб, эгнига ташлаганча урушга кириб кетади. Жанг пайтида унинг орқасига дайди ўқ тегиб қулаб тушади. Ўзини ростлаб қараса, елкаси оғриқ сезмайди. Дарҳол сумкасини ечиб қараса, ўқ сумка ичидаги консерва қутисига теккан экан. Шундай қилиб, Мўйноқнинг консерва қутиси аскарни омон сақлаб қолган восита сифатида фронтдошлар орасида афсонага айланиб кетади.

 

Сабир Камалов урушдан қайтиб, Қорақалпоғистонда илф-фаннинг ривожига ҳисса қўшди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимини узоқ йиллар бошқариб, академик даражасини олди ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.

 

Марҳум академик Сабир Камаловнинг бошидан ўтган ушбу воқеани унинг турмуш ўртоғи, нуроний ёзувчи Гулайша Есемуратова ҳам тасдиқлайди.

 

Оққан юлдуз эсдалиги ёки 40 йил ўғлини кутган она

 

Мўйноқнинг асосий ташриф қоғози, бу албатта, кемалар қабристони жойлашган эски кема портидир. Уруш йилларида ушбу портга Ўзбекистоннинг барча жойларидан аскарлар Амударё орқали келиб, шу ердан денгиз кораблларига чиқиб, Қозоғистоннинг Орол шаҳрига борган, нариёғига фронтга поездларда ва бошқа транспортларда олиб кетилган. Ушбу эски порт ўрнидаги учи осмонга қараб турган эсдалик мавжуд. Ҳозирда ушбу эсдалик денгиз ва портни эслатувчи ёдгорлик сифатида қаралади. У аввал Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аскарлар хотирасига бағишлаб қурилган ва “Оққан юлдуз” деб номланган.

 

Ушбу ёдгорликнинг қурилишига сабаб бўлган ғоят таъсирли воқеани мўйноқликлар жуда яхши эслашади. Бу воқеа қуйидагича:

 

1941 йилда уруш бошланиб, Мўйноқда бир уйдан ота ва ёлғиз боласи бирга фронтга чақирилади. Уйда Оқсари исмли она ёлғиз қолади. Кўп ўтмай фронтдан отанинг вафот этганлиги ҳақида қора хат келади. Лекин ўғли шу кетгандан мўл кетади. Кўрдим-билдим деган киши бўлмайди.

 

Уруш тугайди. Фронтга кетганлардан кимдир ногирон, кимдир соғ қайта бошлайди. Қайтмаганларнинг эса урушда бирон жойда ҳалок бўлганлиги ҳақидаги хабарлари чиқиб туради. Лекин Оқсари онанинг ўғлидан дарак бўлмайди.

 

Она ҳар куни почта кутади, ҳар куни келаётган кемани кутиб олишга чиқади. Лекин ёлғиз фарзанддан хабар йўқ. Она уруш тугаган йилдан бошлаб ҳар куни ушбу портга келиб, соатлаб фарзанди жўнаб кетган йўлга термулиб ўтиришни одатга айлантиради. Орадан йиллар ўтади.

 

70-йиллар ўрталарига келиб денгиз тортилиб кета бошлайди ва портнинг жойини ўзгартириш керак бўлади. 30 йилдан ортиқ вақт боласини шу жойда кутиб келаётган она “портни кўчирманг” деб дод-фарёд солади.

 

“Болам урушга шу йўлдан кетган. Келса энди шу йўлдан қайтади”, – деб портни кўчирмоқчи бўлганларга зор йиғлайди.

 

“Опа, энди денгиз йўқ. Кемалар қатнамайди. Болангиз қайтса машинада ёки самолётда келади, лекин денгиз йўли билан эмас”, – дейишади.

 

“Йўқ, тушунмаяпсиз. Менинг болам ҳали ёш. У ўз уйини фақат шу йўл орқалигина топа олади. У Мўйноқдан бошқа ерни билмайди, фақат денгизга чиқиб кўрган, холос. Келса, денгиз йўли билан келади. Йўқса у уйни қандай топади?...”

 

– Мен 1978 йили Олмаотага ўқишга кетаётган пайтимда Оқсари онанинг шу портга бораётганини охирги марта кўрдим, – деб эслайди мўйноқлик Ханимой опа. – 83 йилда ўқишни тугатиб келдим, лекин кейин у кишини кўрмадим.

 

– Мўйноқ туманида масъул лавозимда 28 йил ишлаган Абдикерим Тлеуов деган киши 40 йил ўғлини кутган онанинг тақдиридан ғоят таъсирланиб, урушга кетиб ҳалок бўлган аскарлар хотирасига бағишлаб “Оққан юлдуз” эсдалигини яратиш таклифини илгари сурган эди, – дейди экскурсовод-олим О. Доспанов.

 

Бу воқеаларни бежиз эсламадик. Мўйноқда бугунги кунда эсдалик объектлар барпо этишга жиддий киришилган. Мотамсаро она ҳайкали қуриляпти. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 январдаги қарори билан ушбу эски кемалар йиғилган жойни Кемалар музейи замонавий мажмуасига айлантириш ва мукаммал таъмирлаш назарда тутилган.

 

Мўйноқда олиб борилаётган ишлар тўғрисида хабардор қилиш мақсадида яқинда очилган New Muynak City телеграм каналида Мўйноқни ривожлантириш бўйича таклифлар танлови ўтказилди. Танловга қизиқарли таклифлар келиб тушди, уларнинг ичида қайиқ кўринишидаги такси, кема кўринишидаги меҳмонхона, музей, кафелар очиш, туяларда экскурсия, балиқчи, балиқ, консерва қутиси кўринишидаги эсдаликлар ўрнатиш каби таклифлар бўлган.

 

Ғолиб бўлган таклифлар ҳам асосан эсдаликлар барпо этиш бўлди, яъни биринчи ўринга Ажиниёзнинг музейини ташкил қилиш, иккинчи ўринга Мўйноқ шаҳрининг энг баланд жойига телескоп ўрнатилган минора қуриш ва учинчи ўринга Орол денгизи бўйида яшаган Урал казаклари турмуш-тарзига бағишланган музей ташкил қилиш ғоялари сазовор бўлди...

 

(Давоми бор)

 

Е.Қаноатов, Uza

Бўлимлар