Президент қарори билан ижро ишини юритиш тизими янада такомиллашмоқда

   Мазкур қарор билан ижро тартиб таомилларини янада соддалаштириш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини сўзсиз ва ўз вақтида ижро этишни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама қулайликлар яратиш ҳамда ижро иши юритувида сансалорликка чек қўйиш назарда тутилган.

  Хусусан, жорий йилнинг 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институти жорий этилади. Бунда ундирувчининг аризаси бўйича 15 кундан кўп бўлмаган муддатга ижро иши юритиш тўхтатиб турилади. Жараёнга давлат ижрочиси ва давлатнинг бошқа органлари вакилларининг аралашуви тақиқланади.

Хўш, Медиация сўзининг маноси нима?

 Римликлар баҳс-мунозараларни ҳал қилувчи мутахассисларни «medium»-«воситачи» сўзи билан ифодалашган. Умуман айтганда, баҳс-мунозараларни учинчи бетараф томон иштирокида тартибга солишга доир ҳуқуқий технология. Ушбу йўналиш ўзининг маълум бир шартлари ва тамойилларига эга. Масалан: томонларнинг тенг ҳуқуқлилиги; ихтиёрийлик;

ўзаро ҳурмат; конфиденциаллик; жараённинг шаффофлилиги; медиаторнинг холислиги демакдир.

Эндиликда, 1 июндан бошлаб ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги масала ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб  1 иш куни ичида ҳал этилади. Ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, қарздорнинг аризасига кўра ёки давлат ижрочисининг ўз ташаббусига кўра кўпи билан икки марта кечиктирилади. Ижро ҳаракатларини бажаришда юзага келган масалаларни тушунтириш учун давлат ижрочиси томонидан тайинланган мутахассис ижрочининг қарори билан танишган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида ёзма хулоса тақдим этишга мажбур эканлиги белгиланди.

Шунингдек, 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ижро ҳужжатларининг ягона электрон базасини юритиши ва унга тегишли маълумотлар базаси тизимлари билан интеграция қилиш йўли билан қуйидагилар киритиб борилиши белгиланди:

- ижро органлари юритувига келиб тушган барча ижро ҳужжатлари;

- ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан солинган ва ундирилган маъмурий жарималар ҳақидаги маълумотлар.
            Ундирувчи ёки қарздорнинг электрон почтаси ёки телефон (мобиль) рақами ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги хабарнома унинг жўнатилганлиги ва қабул қилиниб олинганлиги фактларини қайд этиш имконини берувчи махсус автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобиль алоқа воситалари орқали қисқа хабар (SMS) кўринишида йўлланади.

Бундан ташқари, 1 октябрдан Мажбурий ижро бюроси расмий веб-сайтида бепул асосда ижро ҳаракатлари амалга оширилишининг автоматлаштирилган мониторинги бўйича давлат интерактив хизмати кўрсатиш тизимини жорий этиш топширилди ва бу хизматлар Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам кўрсатилиши белгиланди.

Шу билан бирга, бир ой муддатда Мажбурий ижро бюросига шартнома-воситачилик асосларида сотишга топшириладиган мол-мулкни интернет-дўконлар орқали сотиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифларни киритиш вазифаси қўйилди, яъни:

- Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрига киритилган, товарлар ҳаракатини мониторинг қилишнинг электрон тизимини жорий этган ва товарларни харидорга етказиб бериш учун зарур логистика имкониятларига эга бўлган тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш;

- мол-мулкни мобиль иловалар ва электрон тўлов тизимлари орқали харид қилиш имкониятини яратиш;

Алоҳида айтиб ўтиш жоиз, мазкур Қарорнинг 9 бандида Бош прокуратурага суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш соҳасидаги, шунингдек, уларнинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш борасидаги процессуал нормаларни тизимлаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Ижро ишини юритиш тўғрисидаги кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиши;

- манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда маъмурий жаримага тортиш тўғрисидаги қарорларни ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш: ҳуқуқбузар қарор топширилган санадан бошлаб 15 кун ичида 70%ини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, уни қолган суммани тўлашдан озод этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш ҳақидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш вазифаси топширилганлиги маълум қилинди.

Мажбурий ижро бюроси

Қорақалпоғистон Республикаси

бошқармаси матбуот хизмати

Бўлимлар