Нукусда 2 дона қирғовул ва 7 дона каптар отган фуқаролар ушланди

Нукус шаҳри «Бестобе» шаҳарчаси ҳудудида қирғовул ва каптарларни отиб юрган фуқаролар ушланди, деб ёзади ЎзА.

– Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2019 йил 16 январдаги «Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида қирғовулларни ҳимоялаш ва бош сонини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш комитети Биохилмахиллик ва қўриқланадиган табиий ҳудудлар бўйича давлат инспектори Т.Торениязов. – Ушбу қарорга асосан ўтказилаётган рейд тадбирлари чоғида «Бестобе» шаҳарчаси ҳудудида қирғовул ва каптарларни отиб юрган Хоразм вилояти Янгибозор туманида яшовчи М.Р. ва С.Т. исмли фуқаролар ушланди.

Улар овчиликка оид амалдаги қонун ва қоидаларга амал қилмасдан, ўзларига тегишли бўлган ов милтиқлари ёрдамида 2 дона қирғовул ва 7 дона каптар қушларини махсус юлланмасиз, ушбу қушларни овлаш тақиқланган бир вақтда отиб олаётган пайтида ушланди.

Улардан ТОЗ маркали икки дона милтиқ, икки дона қирғовул ва етти дона каптар ашёвий далил сифатида олиб қуйилди.

Ҳайвонот дунёсига келтирилган зарар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги «Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ҳисобланиб, 1 миллион 520 минг 475 сўм, деб баҳоланди.

Рейд тадбирлари давом этмоқда.

Манба: Daryo.uz

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Қорақалпоғистон янгиликларини facebook'да кузатиб боринг - https://www.facebook.com/groups/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини instagram'да кузатиб боринг - https://www.instagram.com/kruz.uz/

Қорақалпоғистон янгиликларини odnoklassniki'да кузатиб боринг - https://www.ok.ru/kruz.uz

Бўлимлар