Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси рейд ўтказди: 156 миллион 83 минг сўм!

Давлат солиқ бошқармасининг Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ходимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармасининг 2019 йил 1 март санасидаги 77-сонли буйруғига асосан 18-20 март саналари оралиғида назорат (рейд) тадбирлари ўтказилди.

Назорат тадбирлари давомида  жами баҳоси 156 миллион 83 минг сўмлик чет эл акциз маркали алкоголь маҳсулотлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари, техник балонларга газ қўйиш ускуналари бўлган ноқонуний равишда фаолият кўрсатаётган, давлат рўйхатидан ўтмасдан шуғулланиб келганликлари аниқланиб, расмийлаштирилиб олинди.

Жумладан, тадбир давомида шаҳримизда истиқомат қилувчи фуқаро томонидан умумий овқатланиш корхонасида  “чет эл акциз маркали” алкоголь маҳсулотларини ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз, сотиб турганлиги аниқланди. Фуқарога тегишли бўлган 55 турдаги жами баҳоси 20 миллион 95 минг сўмлик маҳсулотлари холис гувоҳлар иштирокида вақтинча сақлаш учун расмийлаштирилиб олинди.

Шунингдек, Нукус шаҳар “Мустақиллик” кўчасида фуқаро томонидан ўзига тегишли бўлган савдо дўконида тегишли ҳужжатларсиз чет давлатларда ишлаб чиқарилган алкоголь маҳсулотларини сотиб турганлиги аниқланди. Фуқарога тегишли бўлган  27 турдаги жами баҳоси 5 миллион 700 сўмлик алокоголь маҳсулотлари вақтинча сақлаш учун расмийлаштирилиб олинди.

Шу билан бирга, Беруний туманида истиқомат қилувчи М.К. Беруний тор кўчасида жойлашган бинода яширин равишда техник балонларга газ қуйиш билан шуғулланиб турганлиги аниқланди. Далилий ашё сифатида 74 миллион сўмлик асбоб-ускуналар вақтинча сақлаш учун олинди. 

Мўйноқ тумани Жиемуратов кўчаси турғуни фуқаро М.Б. Нукус шаҳар “Домалақ бозор” номли деб номланувчи жойда ноқонуний равишда автомобиль эҳтиёт қисмларини сотиб турганлиги маълум бўлди. Фуқарога тегишли бўлган 88 турдаги
жами баҳоси 27 миллион 796 минг сўмлик автомобиль эҳтиёт қисмлари холис гувоҳлар иштирокида вақтинча сақлаш учун расмийлаштирилиб олинди.

Шунингдек, Нукус шаҳри Микратов кўчаси 16-уйда истиқомат қилувчи фуқаро М.Т. пойтахтимиздаги Т.Алланазаров кўчасида ноқонуний равишда ҳар хил турдаги қўл бола усулда ишлаб чиқарилган алкоголь ичимликларини сотиб турганлиги маълум бўлди. Фуқарога тегишли бўлган 36 турдаги жами баҳоси 22 миллион 392 минг сўмлик маҳсулотлар холис гувоҳлар иштирокида вақтинча сақлаш учун расмийлаштирилиб олинди.

Шу билан бирга, нукуслик “тадбиркор” А.Д. томонидан Нукус шаҳар “Савдо комплекси”да ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтмасдан ҳар хил турдаги эркаклар кийим-кечаги маҳсулотларини сотиб турганлиги маълум бўлди. Фуқарога тегишли бўлган 2 турдаги жами баҳоси 6 миллион 100 минг сўмлик кийим-кечак маҳсулотлари холис гувоҳлар иштирокида вақтинча сақлаш учун расмийлаштирилиб олинди.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бу каби инсон саломатлигига хавф туғдирадиган маҳсулотлар сирасига кирувчи алкоголь маҳсулотларини ноқонуний равишда сотиш ҳолатлари жойларда ҳамон учрамоқда.

Мухтасар айтганда, ўз фаолиятини қонуний юритишни ўз олдига мақсад қилган тадбиркорларга барча имкониятлар эшиги очиб берилган. Ундан мақсадга мувофиқ тўғри фойдаланиш эса ҳар бир ишбилармон доира вакилларининг ўзларига ҳаволадир.

М.Мершиева ҚР ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.

Бўлимлар