Биринчи ўзбек механизатор аёли Турсуной Охунованинг хотира майдони ободонлаштирилиб, маънавият масканига айлантирилди

Наврўз фалсафаси инсон қалбидаги аждодлар руҳига эҳтиром туйғусини, ободлик маданияти ва бунёдкорлик салоҳиятини тарбиялайди. Айниқса, шарқона янги йил тантаналари ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, ўтганларни хотирлаш, қадамжоларни обод қилиш, ҳашарлар ўтказиш каби савобли амаллар билан янада файзлидир. Бу – даврлар ва авлодлар ўртасидаги мангу маънавий риштани мустаҳкамлайди, асрлар оша яшаб келаётган қадриятларимизга янгича маъно-мазмун, янги ҳаёт бахш этади.

Бу йилги Наврўз байрами Тошкент вилояти Чиноз туманининг “Яхши ният” маҳалласи аҳолиси қалбида ана шу жиҳатлари билан ҳам бир умр муҳрланиб қоладиган бўлди. Чунки кўклам аввалида шу қишлоқда туғилиб, камолга етган биринчи ўзбек механизатор аёли, икки карра Меҳнат Қаҳрамони Турсуной Охунова шарафига кўп йиллар аввал барпо қилинган-у, сўнг бир қадар қаровсиз қолиб кетган хотира майдони давлатимиз раҳбари топшириғи асосида ободонлаштирилиб, гўзал-файзиёб маънавият масканига айлантирилди. Турсуной Охунова бюсти реставрация қилиниб, хотира майдони қайта қурилди, анча вақт қаровсиз қолиб кетган Турсуной Охунова музейи тикланиб, маданият марказига айлантирилди. Шу муносабат билан Чиноз туманининг “Яхши ният” маҳалласидаги мазкур масканда ўтган тадбирда уч авлод вакиллари бир нуқтада жам бўлди.

Тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида изчил амалга оширилаётган кучли инсонпарварлик сиёсати туфайли инсон қадри ва хотирасини улуғлаш, эл-юрт равнақи йўлида фидойилик кўрсатган турли соҳа вакилларининг ҳурматини жойига қўйиш борасидаги эзгу ишлар кўлами ҳам кундан кун кенгаймоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида катта куч-ғайрат билан олиб борилаётган кенг қамровли қурилиш-бунёдкорлик ишлари жараёнида тарихий масканлар, муқаддас қадамжолар, ёдгорликларни обод қилишга   доимий эътибор берилмоқда. Чиноз туманининг олис-чекка қишлоқларидан бири – “Яхши ният” маҳалласида Турсуной Охунова хотира майдонининг обод манзил-маконлардан бирига айлантирилгани замирида ҳам аждодларимиздан мерос бунёдкорлик салоҳияти ва инсонпарварлик сиёсатининг ўзаро уйғунлиги мужассамдир.  

Тадбирда Турсуной Охунова ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ибратли хотиралар ёдга олинди. Бюст пойи баҳорий гулларга бурканди. Бу ҳудудда шу пайтга қадар сайлгоҳ ёки хиёбон бўлмаган. Ана шундай хайрли ташаббус натижасида катта ҳаётга қадам қўяётган ёш оилаларнинг унутилмас онлари янада файзли ўтадиган бўлди.

Оддий деҳқон фарзанди Турсуной Охуновага хос меҳнаткашлик, фидойилик, камтарлик каби фазилатлар бугунги авлодлар учун ҳам ибрат мактабидир.

Мазкур мажмуанинг яна бир аҳамиятли жиҳати – бу ерда ҳудуддаги таълим муассасалари ўқувчилари учун очиқ дарслар ўтказиш учун ҳам имконият ва шароит яратилгани билан боғлиқ. Бу таълим ва тарбияни уйғун олиб боришга хизмат қилади.

Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади. Турсуной Охунова музейининг тикланиши ёшлар қалбида бобомерос қадрият – “меҳнат инсонни улуғлайди”, деган ўлмас ғояни, бунёдкорлик руҳини мустаҳкам қарор топтиришга хизмат қилади.

Бу музей оддий деҳқон фарзандининг ҳаёт йўлидан сўзлайди. Биринчи ўзбек механизатор аёли Турсуной Охунова машаққатли меҳнатлари, иродаси, қатъияти ва камтарлиги туфайли эл-юрт ҳурматини топди. Буни тарихга муҳрланган мана бу суратлардан ҳам билиш қийин эмас.

Тириклик баҳордан, ҳаёт мазмуни фарзанддан бошланади. Йил ҳосили баҳорга боғлиқ бўлганидек, оиламизнинг тақдири, миллатимизнинг келажаги ҳам фарзандлар тарбиясига боғлиқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 19 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни ҳаётнинг ана шундай ўткир талабларидан келиб чиққан ҳолда янги тизим асосида йўлга қўйиш масалалари кенг муҳокама қилингани ёш авлоднинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этишда янги тараққиёт босқичини бошлаб берди.

 

Давлатимиз раҳбари бу борада белгилаб берган вазифалардан келиб чиқиб, мазкур масканни кенг қамровли маърифат марказига – ёшларни жисмонан, маънан ва ақлан камолга етказадиган йирик мажмуага айлантириш режалаштирилмоқда. Музей биносида тез кунда мусиқа ва шахмат тўгараклари иш бошласа, кўп ўтмай атрофдаги ерлар ҳам ободонлаштирилиб, катта хиёбон, сунъий футбол майдони, мўъжаз кутубхоналар барпо қилинади.

Инсон ҳаёти ҳам чархпалакка ўхшайди. Йиллар ўтади, авлодлар алмашади, қадриятлар эврилади. Бироқ ҳар қандай даврда ҳам инсон фақат ва фақат пешона тери, машаққатли меҳнат ва бунёдкорлиги билан эл-юрт ҳурматини қозониши мумкин. Аслида, бунёдкорликдан мақсад – ободлик. Бу нафақат ҳудуд, балки кўнгил ободлиги ҳамдир. Зотан, бунёдкорлик туйғуси соғлом муҳитнинг, соғлом муҳит баркамол авлоднинг, баркамол авлод эса буюк келажакнинг мустаҳкам асосидир.

Бўлимлар