Қонликўллик йигит қабристонда севгилиси ва ўзини пичоқлади

Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманида 24 ёшли йигит қабристонда бошқага турмушга чиққан севгилиси ва ўзини пичоқлади. Қиз вафот этди, ўзи жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Қонликўл туманида Ш. Кенгесбаев (1995 йилда туғилган) бошқага турмушга чиққан собиқ севгилиси Д.Коптлеува (1998) ва ўзини пичоқлади. Ҳодиса 1 март куни соат 19:30 ларда «Бешкўпир» ОФЙ ҳудудида жойлашган «Ешимахун» кабристонида содир бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг «Газета.uz"га маълум қилишича, йигит дастлаб севгилисига ошхона пичоғи билан бир неча маротаба тан жароҳати етказган. Сўнгра ўзининг қорин қисмига бир неча маротаба уриб, бўйин ва билак қон томирларини кесган ва акаси А.Абдимуратовга қўнғироқ қилиб, ҳолат ҳақида хабар берган.

Суиқасд натижасида Д.Коптлеуова туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинаётганда вафот этган, Ш. Кенгесбаев жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 1 март куни Қонликўл туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Қорақалпоғистон прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Жиноят иши бўйича 16 март куни Ш. Кенгесбаев гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Қонликўл туман судининг ажрими билан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Иш бўйича гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган А.Абдимуратов 1 март куни соат 19:40 ларда қўнғироқ қилиб, акасининг ўғли Шинберген унга: «Арслон ака мени кечиринг, қизни пичоқлаб қўйдим. Иккаламизни шу ерга кўминг», — деб айтганлиги ҳақида кўрсатма берган.

Мазкур жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида сўроқ қилинган Ш. Кенгесбаев ўз кўрсатувида 2016 йилдан буён Д.Коптлеуова билан гаплашиб, севишиб юрганини маълум қилган. У 2019 йил январ ойида Тошкент шаҳрига ишлаш учун кетиб, 27 февраль куни қайтиб келади. Д.Коптлеуова билан телефон орқали гаплашганида, унинг Қонликўл туманида яшовчи С.Куралбаевга турмушга чиққанини эшитиб, жаҳли чиқади.

1 март куни Д.Коптлеуова Нукус шаҳридан Қонликўл туманига келганида уни кутиб олади ва биргаликда Қўнғирот туманига бориб, бозордан янги пичоқ сотиб олади. Сўнгра иккиси ўз жонларига қасд қилиш мақсадида биргаликда Қонликўл тумани «Бешкўпир» ОФЙ Жолий қишлоғи худудидаги «Ешимохун» қабристонига боради. Йигитнинг айтишича, аввалига Д.Коптлеуова ўзига ўзи пичоқ уради. Бу вақтда у кўзини юмиб туради. Шундан сўнг унинг қўлидан пичоқни олиб, ўзига уради.

Айни вақтда иш бўйича суд криминалистика, дактилоскопия, биология, стационар психиатрия экспертизалари тайинланган.

 

Бўлимлар