Жўқорғи Кенгес Раиси Тахиатошда сайёр қабул ўтказди

Тахиатош туманининг “Азатлық” овул фуқаролар йиғинида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязовнинг аҳоли учун сайёр қабули ташкил этилди.

Тадбирда вазирликлар, муассасалар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг, туман ҳокимлигининг раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан йўлга қуйилган бу каби қабуллар фақат шаҳар ва туман марказларидагина эмас, балки, энг чекка қишлоқларда ҳам ташкил этилмоқда. Бу ўз навбатида мурожаат этувчи фуқароларимизга бироз қулайликлар яратиш билан бирга, уларнинг ҳаётида учраётган муаммоларнинг ўз вақтида ечимини топишига хизмат қилмоқда.

Туман марказидан узоқда, Туркманистон Республикаси билан чегарадош жойлашган бу ҳудудда бугунги кунда 4 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Ўтказилган мазкур сайёр қабул давомида фуқаролар асосан турар жой, ишсизлик, тиббий ва коммунал хизмат кўрсатиш сингари масалаларда мурожаат этди.

Мурожаатларнинг маълум қисми жойида ечимини топган бўлса, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Бўлимлар