Қорақалпоғистон Pеспубликаси прокурори Амударёда сайёр қабул ўтказди

28 март куни Амударё туманининг Дўрман овулида Қорақалпоғистон Pеспубликаси Прокурори Хидир Каримов раислигида сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги хабар бермоқда.

Сайёр қабулда Қорақалпоғистон Pеспубликаси прокуратураси, вазирликлар ва давлат идоралари, туман ҳокимлиги ҳамда тумандаги давлат ва жамоат муассасалари ва ташкилотларининг мутасаддилари иштирок этди.

Йиғилишни туман ҳокими Султонбой Йўлдошев очди ва олиб борди.

Туманимизнинг Қиличбой, Холимбег ва Дўрман овуллари ва улар таркибидаги маҳаллалар аҳолиси иштирокида ўтказилган сайёр қабул давомида 20 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг аксарияти фуқаролик олиш, маҳаллий ва ички хўжалик йўлларини таъмирлаш, суюлтирилган газ ва ичимлик суви таъминоти, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражасини ошириш каби масалаларда бўлди.

Қиличбой овулининг Хизр эли маҳалласида яшовчи Санобар Миржанова 1992 йилда Туркманистон Pеспубликасидан Ўзбекистонга кўчиб ўтган. Шундан буён турли сабабларга кўра паспорт олмаган эди. Шу сабабли турмуш ўртоғи Адилбой Оқбоев билан никоҳини қонуний қайд қилдириш имкони бўлмаган, натижада фарзандларига ҳам туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишнинг иложи бўлмай келаётган эди.

Санобар Миржанова бу масалада ёрдам кўрсатишни сўраб, тегишли идораларга мурожаат қилди. Туман Ички ишлар бўлими ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ходимларининг ёрдами билан қисқа муддатда барча ҳужжатлар тахт қилиниб, Санобар Миржановага фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси, эр-хотинга никоҳи қайд қилингани ҳақида гувоҳнома ва фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштирилди ва сайёр қабул давомида тантанали равишда топширилди.

Сайёр қабулда келиб тушган мурожаатларни ўрганиб чиқиш ва ҳал қилиш бўйича тегишли соҳа мутасаддиларига топшириқлар берилди. Топшириқлар ижроси Қорақалпоғистон Pеспубликаси прокуратураси томонидан назоратга олиниши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, шу куни Дўрман овулининг Бўз солма маҳалласида яшовчи Гулсара Алламовага туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ногиронлик аравачаси топширилди.

Ғ.Ешниёзов

Бўлимлар