ҚҚДУ Проректори таҳсил олган мактабига китоблар совға қилди

Жорий йилнинг 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор мажлисида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, китобхонлик тарғиботига оид масалалар таҳлил қилинган эди. Мажлисда давлатимиз раҳбари “…ҳар бир раҳбар шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу ажойиб ташаббус сифатида китобхонликни ривожлантириш билан бирга фарзандларимиз тарбиясида ўзининг ижобий самарасини беради”, дея таъкидлаган эди.

Бугун Президентимизнинг ушбу ташаббуси бошқа қатор соҳалар каби Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети раҳбарияти томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Қорақалпоқ давлат университети Ўқув ишлари бўйича проректори М.Ибрагимов ўзи таҳсил олган Хўжайли туманидаги 7-сон ўмумтаълим мактаби кутубхонасига ўзи яратган, шунингдек бошқа бир қанча илмий-оммабоп ва бадиий китобларни совға тариқасида тақдим қилди. М.Ибрагимов 1989 йилда мазкур таълим даргоҳини Олтин медаль билан тугатган эди. Ҳозирги пайтда физика-математика фанлари номзоди, доцент, математика илмига оид қатор китоблар ва рисолалар муаллифидир.

Дарҳақиқат, раҳбарлик лавозимидаги шахсларнинг бундай ташаббуслари ёшлар ва мактаб ўқитувчиларининг янада теран билим олишлари учун, тафаккур миқёсларининг кенгайишида алоҳида ўрин тутади.

 

Қорақалпоқ давлат университети Матбуот хизмати.

Бўлимлар