Университетларда кўнгиллилик тизимини қандай бошласа бўлади? Эксперт фикри

«Жамият учун муҳимлиги нуқтаи назардан, кўнгиллиликнинг кўп яхши томонлари мавжуд, — дейди «Буюк Келажак» гуруҳи эксперти, Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори Азамат Акбаров. — Кўнгиллилик жамиятимизни бойитади, бизни жамоатчилик сифатида жипслаштиради, тижорат ва бошқа ташкилотларни инқирозга учрашдан асрашга ёрдам беради. Кўнгиллилик жамоатчиликни яхшилашда ёрдам беришидан ташқари, бу иш инсонни шахс сифатида такомиллашиши учун ҳам ёрдам беради».

 

Кўнгиллилик инсонни ўзи ҳақида яхши фикрда бўлишга эришиш учун бепул, эркин усулдир. Унинг энг яхши томони бирга иш қилаётган одамлар билан ижобий кайфиятни баҳам кўришдан иборат. Аслида бу инсонни тушкунликка тушиш хавфини пасайтиради, чунки бунда инсонни фаол иш билан шуғулланади ва янги, инсонни қониқтирадиган танишлар, дўстлар орттиришга ёрдам беради. Шунингдек, инсон ишда ёки оила, қариндошлар, танишлар билан боғлиқ турли таранг ҳолатлардан енгиллашиш, халос бўлишнинг яхши бир усулидир.

Мамлакатда ҳаётимизнинг барча жабҳаларига марказлаштириб ва жалб қилиш мумкин бўлган яхши ҳунар ва билимли минглаб талабалар бор. Мен қуйидаги фикрларни тавсия қилмоқчиман.

Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ваучер тизимини жорий қилиши мумкин. Шартли равишда олсак, вазирлик кўнгилли талабаларга соатига 5 минг сўм тўлаши мумкин. Минтақа ва талабаларнинг ҳунарлари ва билимларидан келиб чиқиб, тўлов нархи турлича бўлиши мумкин. Ижтимоий талабалар ваучери ижтимоий йўналишда иш олиб борадиган, ижтимоий фойдали ишлар билан шуғулланадиган талабаларга берилади.

Ушбу лойиҳада университет талабаларига икки хил ваучерлар таклиф қилиниши мумкин:

Биринчи тури — 20 соат кўнгиллилик фаолияти учун. Бу ваучер асосида олдидан тасдиқланган фан бўйича келишилган баллар қўшилган ҳолда 100 минг сўм пул тўланади ёки келишилган фанлар бўйича икки академик кредит қўшилади.

Иккинчи тури — 50 соат кўнгиллилик фаолияти учун олдиндан тасдиқланган фан бўйича белгиланган баллар қўшган ҳолда 250 минг сўм пул тўланади ёки келишилган фанлар бўйича беш академик кредит қўшилади.

Ижтимоий талабалар ваучери қуйидаги йўналишлар бўйича ижтимоий йўналтирилган, ижтимоий фойдали фаолият олиб борувчи талабаларга берилади:

1) инклюзив таълим;

2) репетиторлик (ўзбек тили, рус тили, инглиз тили, компьютер саводлилиги);

3) тарбияси оғир балоғатга етмаган болалар билан ишлаш;

4) маҳалла/ҳовли ва спорт клублари ташкил қилиш;

5) қариялар билан ижтимоий иш.

Ушбу лойиҳага йилига 50–100 минг талабани жалб қилса бўлади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.

Бўлимлар