Жўқарғи Кенгес Pаиси ўзи таҳсил олган мактабга 500 га яқин китоб совға қилди

Барчамизга маълум, жорий йилнинг 19 март куни Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида китоб мутолаасига қизиқишини ошириш масаласи кенг муҳокама қилинган эди.


Йиғилишда Президентимиз ҳар бир раҳбар ўз шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бундай эзгу ташаббус китобхонликни ривожлантиришга хизмат қилиши, фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлаган эди.


30 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Т.Ерниязов Кегейли туманидаги ўзи таҳсил олган 1-сонли мактабда бўлиб, мактаб кутубхонасига ўз ҳисобидан қарийб 200 номдаги 500 донага яқин китоблар совға қилди. 
Тадбирда Жўқорғи Кенгес Раиси аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталар экан, мамлакатимизда Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилаётган бу каби эзгу ишлар ёшлар ўртасида китобхонлик тарғиботини янада кучайтиришга, ўқувчиларнинг янада чуқур билим олишига, дунёқарашини кенгайтиришга, маънавиятини юксалтиришга, уларнинг китоб билан ошно бўлишига катта ҳисса қўшишини таъкидлаб ўтди.
Шу куни Жўқорғи Кенгес Раиси номидан ўтган йили бўлиб ўтган 
“Энг яхши китобхон” танловининг республика босқичи ғолиби, Президент совғаси — “Спарк” автомашинаси билан тақдирланган тумандаги 9-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 10 синф ўқувчиси Н.Кокановага қимматбаҳо совғалар топширилди.


Дарҳақиқат, китоб — инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавий дунёсининг ривожланишида асосий ўринни эгаллайди. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб, етуклик сари илдамлайверади. 
Шу маънода бу туҳфа қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, энг қадрли совға сифатида қадрланади. Зеро, маънавиятимиз чашмаси ҳисобланган китоблар халқимиз ҳамда ёшларни эзгуликка ва улуғ ишлар қилишга хизмат қилади.

Шуҳрат Саидаҳмадов.

Бўлимлар