Европа Иттифоқи делегацияси Оролбўйи ҳудудида ўрганишлар олиб боради

Европа Иттифоқи мамлакатлари Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди.
Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Женевада ўтказилган Европа иқтисодий комиссиясининг барқарор ривожланиш бўйича минтақавий форумида иштирок этди. Бу ҳақда Газета.uz  ЎзАʻга асосланиб  хабар берди.

Форум доирасида Орол денгизи минтақаси ҳудудидаги иқлим муаммоси, шунингдек, Оролбўйи ҳудуди учун молиявий ва техник кўмак ресурсларини БМТ шафелигидаги Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондига (КЦҲТФ) жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Ташриф давомида делегация аъзолари Брюсселда бўлиб, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили П.Буриан, шунингдек, Европа ташқи ишлар хизмати, Европа инвестиция банки ҳамда Белгия Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан ташкил этилган учрашувларда иштирок этди.

Музокаралар давомида Европа Иттифоқи мамлакатлари, хусусан, Белгия Қироллиги Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилаш бўйича Ўзбекистон — БМТ ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини камайтиришга йўналтирилган узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини билдирган.

Европа Иттифоқининг ҳамкорлик доирасидаги илк делегацияси апрел ойида ташкилотга аъзо давлатларга ушбу йўналишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари тўғрисида тавсиялар тайёрлаш учун Оролбўйи ҳудудида ўрганишлар олиб боради.

Бўлимлар