Жўқорғи Кенгес Раиси ўринбосари ўзи таҳсил олган мактабга 100 дона китоб совға қилди

Жорий йилнинг 19 март куни Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш масалаларига катта аҳамият қаратилди. Шунингдек, ушбу йиғилишда Президентимиз хайрли ташаббусни илгари суриб, бош вазирдан бошлаб ҳар бир раҳбарни ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилишга даъват этган эди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур таклифини қўллаб-қувватлаган ҳолда раҳбарлар таълим муассасаларига зиё улашиш мақсадида мамлакатимиз келажаги – ёшлар учун китоблар хайриясини бошлаб юборишди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Хамраев Элликқаъла туманидаги ўзи таҳсил олган 13-сонли мактабда бўлиб, мактаб кутубхонасига 100 дона китоблар совға қилди.

Албатта, бу ўз навбатида ўсиб келаётган ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини, меҳрини оширишга, китобга нисбатан меҳр-муҳаббатни янада кучайтиришга, китобхонликни оммавийлаштиришга хизмат қилари аниқ.

Зеро, китоб инсонни тарбиялайди, улғайтиради, юксак одоб-ахлоқни, инсоний фазилатларни шакллантиради. Китоб ўқиб вояга етган бола аввало чуқур билимга, кенг дунёқарашга, мустақил фикрга, мустаҳкам ҳаётий позицияга эга бўлади.

Шунингдек, мактаб жамоасига китоблар билан бирга 1 дона компьютер жамланмаси, 1 дона рангли принтер ва спорт анжомлари ҳам совға қилинди.

Бўлимлар