Норвегия Орол денгизи ҳудуди учун 1,1 млн доллар ажратмоқда

2019 йилнинг 1 апрель куни Норвегия ҳукумати ва БМТнинг Кўп томонлама шериклик траст жамғармасининг Нью-Йоркдаги Офиси БМТнинг Ўзбекистонни Оролбўйи ҳудуди учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармасига 9,5 миллион Норвегия крони (қарийб 1,1 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги тўловни тасдиқловчи стандарт шартномани имзоладилар.  

1960 йилларгача дунёнинг тўртинчи йирик ёпиқ денгизи бўлмиш Оролнинг қуриши миллий ва минтақавий чегаралар доирасидан чиқувчи инсониятнинг энг катта экологик фалокати ҳисобланади, дейилади Ўзбекистондаги БМТ вакиллиги хабарида

2018 йилда БМТ шафелигида ташкил этилган Траст жамғармаси Орол денгизи ҳудудида истиқомат қилувчи ҳамжамиятларнинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларини ҳал қилишда миллий ва халқаро даражада ҳамкорликни амалга ошириш ва барқарор ривожланиш соҳасида глобал мақсадларга эришиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни тезлаштириш учун ягона майдонни тақдим этади.

Бугунги кунга келиб Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўз бўйнига Траст жамғармасига 6,5 миллион доллар миқдорида улушини қўшиш ҳақида мажбуриятни олган, унинг 2,0 миллион доллари Траст жамғармасининг ҳисобига ўтказиб бўлинди. Норвегия Жамғармага маблағ киритган биринчи ташқи донор бўлди, дея ёзмоқда "Кун.уз".

Ҳозирда Ўзбекистон Ҳукумати БМТ билан ҳамкорликда Орол денгизи ҳудудида истиқомат қилаётган жамоалар дуч келаётган муаммолар ҳақида хабардорликни ошириш ва Траст жамғармасига қўшимча молиявий ва техник ресурсларни жалб қилиш бўйича фаол ишларни олиб бормоқда.
 
«Орол денгизи учун инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ҳукумат ва ривожланиш соҳасидаги ҳамкорларга айнан инсонларга йўналтирилган, жамоаларнинг аҳволи, талаб ва эҳтиёжларига асосланган, ҳаракат суръатлари ва инновацияларга алоҳида эътибор берган ҳолда ечимларни ишлаб чиқишда биргаликдаги фаолият олиб бориш имконини бермоқда, - дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер. - Биз Жамғарманинг донорига айланиб, Орол денгизи муаммосини ҳал қилиш ишига тарафдорлигини тасдиқлаган Норвегиянинг мазкур қарорини қўллаб-қувватлаймиз. Бу қарор Ўзбекистондаги тезкор барқарор ривожланишга кўмак беришда Норвегиянинг қатъиятлилигидан далолат беради».

Бўлимлар